Американинг John Deere комбайнлари Ўзбекистон далаларида пахта тера бошлади

Ўзбекистон йиғим-терим мавсуми кетмоқда. Ҳозирги кунда пахта далаларидаги ҳосил нафақат қўл билан, айни пайтда механизациялашган усулда ҳам етиштириб олинмоқда. Бу жараёнда Америка Қўшма Штатларида ишлаб чиқарилган конбайлардан ҳам фойдаланилмоқда.

Масалан, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги 8168 гектар пахта майдонида «Khantex-group» томонидан замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар асосида клас­тер усулида сифатли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Kun.uz сайтининг ёзишича, «Khantex-group» корхонаси пахта ҳосилини сифатли териб олиш мақсадида кластерга замонавий технологияларни олиб келди. 30 сентябрь куни Қўрғонтепа туман пахта далаларида Американинг «John Deere CP690» русумли комбайнлари синов теримини ўтказди.

Kun.uz

Хабарда айтилишича, мазкур пахта терим комбайнлари ҳосилни териш билан биргаликда қадоқлаб, яъни бунт ҳолатида келтириши жуда аҳамиятлидир. Самарадорлиги юқори бўлган замонавий комбайнлар пахта ҳосилини самарали ва тез йиғиб олишга ёрдам беради.

Ижтимоий тармоқларда республиканинг бошқа туманларида ҳам John Deere комбайнлари пахта ҳосилини териб олаётгани ҳақида турли видео ва расмлар пайдо бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили сентябрь ойида Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида Нью-Йоркда ташкил этилган Ўзбекистон – АҚШ бизнес форумида Американинг 100 дан ортиқ етакчи компанияси раҳбарлари, жумладан, «John Deere» компания вакиллари ҳам иштирок этган эди.

Ўзбекистон ҳукумати вакилларига кўра, пахтани механизациялашган усулда йиғиштириб олиш учун 14-15 минг атрофида пахта териш машиналари керак бўлади. Босқичма-босқич ушбу эҳтиёжни қондириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда John Deere ҳайдов тракторлари ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Масалан, жорий йилнинг бошида Миришкор туманига АҚШда ишлаб чиқарилган “John Deere” 6155М русумли 50 та ҳайдов трактори харид қилинди.

Фото: Миришкор туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Қуйида ер ҳайдовчи ва пахта терувчи техника воситалари ҳақида ўзбек тилида батафсил маълумот олишингиз мумкин.