Беҳзод Абдураимов АҚШ конгресси кутубхонасида концерт берди

Ўзбекистонлик машҳур пианиночи Беҳзод Абдураимов норвегиялик виолончелчи Трулс Морк билан 6 октябрда АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги Конгресс кутубхонасида концерт берди. Бу ҳақда “Amerika Ovozi” хабар берди.

Концертда Людвиг Бетховен, Сергей Прокофьев, Сергей Рахманинов асарлари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.

Беҳзод Абдураимов Тошкентда зиёли оиласида туғилган. Олти ёшлигидан фортепиано дарсларига қатнаб, таҳсилни Успенский номидаги ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида давом эттирган. Ўз маҳоратини ошириш ниятида АҚШда ҳам таълим олган мусиқачи 2009 йилда Лондонда ўтказилган халқаро пианиночилар танловида ғолибликни қўлга киритган.