Алишер Усмонов: “Биз, ўзбеклар, нолимайдиган халқмиз, лекин қўрқоқ эмасмиз”

Тадбиркор ва миллиардер Алишер Усмонов «Россия 1» телеканал эфирида Ўзбекистондаги лойиҳалари режаси ҳақида гапириб берди.

“Халқ сўзи” газетасининг ёзишича, Алишер Усмонов “Пахтакор”га 20 миллион доллар миқдорида сармоя киритди ва ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятида эканлигини билдирди.

«Мен фақатгина бизнес соҳасида ёрдам бераман. Менинг тасарруфимдаги, яъни мен акциядори ҳисобланган компаниялар кооперацияларда ҳар томонлама кўмаклашиши аниқ. Ўзбекистон металлургия комбинати билан буни шундай тарзда амалга оширамиз. Биз учун бу — бозор, сотиш жойидир, комбинат учун эса -рақобатбардош сифатга эга металл яратиш ва ундан қайта фойдаланиш имконини ҳам берувчи ажойиб сифатли хомашё», — деб таъкидлаб ўтди Усмонов.

Шунингдек, тадбиркор «Металлоинвест» аллақачон ўз маҳсулотларини заводга етказиб бераётганини қайд қилиб ўтди:

«Биз иссиқ брикетли темир етказиб берамиз», — деди бизнесмен.

Усмонов таъкидлашича, йилига етарлича катта ҳажмда, яъни 100 миллион долларгача бўлган суммада хомашё етказиб берилади.

Алишер Усмонов сўнгги интервьюсида Россияга қарши санкциялар ҳақидаги саволга жавоб бера туриб ўзбеклар ҳақида гапирди. “Биз, ўзбеклар, нолимайдиган халқмиз, лекин қўрқоқ эмасмиз”, деди у.