Ўзбекистонда “ватандош паспорти”ни жорий қилиш имконияти ўрганилмоқда

Ўзбекистонда ватандошларга махсус паспорт бериш имконияти ўрганилмоқда. “Ватандош паспорти”ни жорий этиш имкониятини ва хорижий тажрибани ўрганиб чиқишни 25 октябрь куни Шавкат Мирзиёев ИИВ, ТИВ, Адлия вазирлиги ва ДХХга топширган. Президент қарорига кўра, мазкур масала 2019 йилнинг 1 мартига қадар якунига етказилиши керак.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида чоп этилган хориждаги ватандошлар билан ишлаш бўйича давлат сиёсати концепциясида айтилишича, ватандош паспорти:

• хорижга чиққан ва чет эл фуқаролигини олган, Ватанига маънавий ва маданий нуқтайи назардан мансубликни ҳис қилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан маданий-гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган Ўзбекистондан чиқиб кетган шахслар ва уларнинг авлодларига;
• этник, тил ва маданий-тарихий нуқтайи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган ҳамда Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқада бўлиш хоҳишида бўлган хорижда истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилиши мумкин.

Ватандош паспорти Ўзбекистон чегарасини визасиз кесиб ўтиш ва республика ҳудудида муддатсиз қолиш имкониятини бериши мумкин. Ватандош паспорти тўлақонли фуқаролик паспорти эмас, гап икки фуқаролик ҳақида ҳам кетмаяпти. Бундай паспортни кўпроқ АҚШда қўлланиладиган “грин-кард” хужжатига ўхшатиш мумкин.
Концепцияда,шунингдек, давлат манфаатларига хизмат қиладиган ватандошларга тўлақонли фуқаролик бериш тартиби ҳам соддалаштирилди.

Хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларга муносабат Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейингина ўзгарган эди. Ватандошлар билан алоқалар ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Ушбу соҳада давлат сиёсатини такомиллаштириш топшириғи 2017-2018 йиллардаги Давлат дастурига киритилган эди.

Шавкат Мирзиёев 2017 йилда АҚШга сафари чоғида илк марта хориждаги ўзбеклар билан учрашган ва уларни Ўзбекистонда ишлашга таклиф қилган. Шундан бери Ўзбекистондаги турли давлат ташкилотлари ва идораларига хорижда ишлаган ватандошлар раҳбарлик ва маслаҳатчи лавозимларига тайинланиб келади.