Шавкат Мирзиёев 5 та туман ҳокимини икки ойлик маошидан маҳрум қилди

    Тошкент вилояти ҳокимининг 13 октябрдаги фармойишига асосан Пскент, Бекобод, Бўка, Чиноз, Янгийўл тумани ҳокимлари икки ойлик маошидан айрилди. Турон24 сайтининг ёзишича, ушбу маблағ давлатга қайтарилади.

    Ҳужжатда қайд этилишича, ҳокимлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “2018 йил ҳосили пахта хомашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйгани учун мазкур чора кўрилган. Бундан ташқари, туман учун белгиланган кунлик режа бажарилмаса, улар ишдан озод этилиши ҳақида огоҳлантирилган.

    12 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти фермерлари ва қишлоқ хўжалиги мутасаддилари билан учрашиб, пахта теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш, ҳосилни ёғинли кунларга қолдирмай йиғиб олиш зарурлигини таъкидлаган эди.

    Kun.uz сайтининг ёзишича, Президент ташрифи давомида қатор камчиликлар аниқланган. Айрим давлат амалдорларининг фаолияти танқидга учраган.

    13 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокими фармойиши асосида 5та туман ҳокими – Бўка (Нўмонали Избосаров), Пскент (Абдусамат Акбаров), Бекобод (Неъмат Абдуллаев), Янгийўл (Абдуқаҳҳор Тўхтабоев) ва Чиноз  туманлари ҳокимлари икки ойлик маошларидан маҳрум қилинган. Манба маълумотига кўра, бундай қарор ҳокимлар пахта хомашёсини йиғиб олиш ишларида сусткашликка йўл қўйишгани учун қабул қилинган.

    Бундан ташқари, ҳокимлар агар вазият тузатилмаса, ишдан олиниши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирилган.