Божхоначилар қандай ҳолатларда хориждан почта жўнатмасини очиш ҳуқуқига эга?

Ҳар бир халқаро почта жўнатмалари (ХПЖ) бўйича почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан божхона органларига қабул қилувчи, товарнинг номи, вазни, миқдори ва маълум қилинган қиймати тўғрисида маълумотларни ўз ичига олган божхона декларацияси тақдим этилади.

Kun.uz сайтининг ёзишича, агар ХПЖлар бўйича божхона декларацияларида ушбу банднинг биринчи хатбошисида қайд этилган маълумотлар кўрсатилмаган бўлса, божхона органининг мансабдор шахси божхона назоратининг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда божхона кўздан кечирувини ўтказиш вақтида зарур бўлган ҳолларда ХПЖларни очишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Бу Давлат божхона қўмитасининг 2 октябрдаги “Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари устидан божхона назорати қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

Халқаро курьерлик жўнатмалари (ХКЖ) бўйича почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан божхона органларига божхона декларацияси ҳамда мажбурий равишда электрон хабар шаклида олдиндан берилиши лозим бўлган қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

  • қабул қилувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми;
  • қабул қилувчининг манзили;
  • қабул қилувчининг паспорт серияси ва рақами ёки солиқ тўловчининг идентификация рақами;
  • почта алоқаси оператори ёки провайдерининг номи;
  • жўнатувчи давлат;
  • жўнатманинг тавсифи;
  • жўнатманинг қиймати.

Олдиндан келиб тушган электрон маълумотлар божхона декларациясида кўрсатилган маълумотлар билан номувофиқлиги аниқланганда ёхуд электрон маълумотлар мавжуд бўлмаганда, божхона қонунчилиги билан ўрнатилган божхона назорати шакллари ва чоралари қўлланилади.

Олдиндан келиб тушган электрон маълумотлар мавжуд бўлмаганда ва/ёки улар қисман тақдим этилса, ХКЖларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви мазкур банднинг тўртинчи – ўнинчи хатбошиларида кўрсатилган маълумотлар божхона органларига почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан тақдим этилгандан сўнг амалга оширилади.

Бунда 3000 АҚШ долларгача бўлган товарлар электрон тижорат орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан ва божхона юк декларациясини расмийлаштирмасдан, почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ реализация қилиниши мумкин.