Сурхондарёда қарзини талаб қилган фуқарони ўзига қабр ковлашга мажбур қилган жиноий гуруҳ қўлга олинди

    Жарқўрғон тумани яшовчи киши Эркин Алимов 2014 йилда туман нефтбазаси собиқ раҳбари Мавлон Жумаевга 15 миллион сўм берган, бироқ у ҳозирги кунга қадар пулларини қайтармаганди. Бу ҳақда «Дарё» Сурхондарё вилоят ИИБ матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

    Мавлон Жумаевдан бир неча маротаба пулларини қайтариб беришини сўраб борганидан сўнг 2018 йилнинг 2 сентябрь куни Жарқўрғон тумани «Обод» маҳалласида яшовчи Тошпўлат Ниёзов қўнғироқ қилиб, «Узумзор» маҳалласида яшовчи Азамат Ҳошимовнинг яшаш уйига боришлигини айтади.

    Эркин Алимов айтилган манзилга борганида Тошпўлат Ниёзов ва Алишер Ҳошимов уни маҳалла ҳудудидан узоқроқда жойлашган адирликка олиб бориб, Эркин Алимовни ўзига қабр қазишга мажбур этади. Қўл-оёғини боғлаб, пулини сўраши туфайли туман нефтбазаси собиқ раҳбарини обрўсизлантирганлиги сабабли уни ўлдириб, шу ерга кўмиб кетишларини, агарда жони керак бўлса, Cobalt автомашинасини сотиб, 50 миллион сўм беришлигини, шундагина уни тинч қўйишларини айтиб, шарт қўйишади.

    Эркин Алимов чорасиз қолгани туфайли Тошпўлат Ниёзов ва Алишер Ҳошимовларнинг шартига рози бўлади. Шундан кейин у Денов туманида жойлашган автомашина бозорига бориб, машинасини сотиб, талаб қилинган пулдан 37 миллион сўмини ва диск ҳамда шиналарини беради.

    Эркин Алимов жорий йил 17 октябрь куни ИИБ бошлиғи номига ёзган аризада Тошпўлат Ниёзов яна 12 миллион сўм пул беришлигини, акс ҳолда оила аъзолари билан биргаликда ўлдириб юбориш билан таҳдид қилаётганлигини билдирилган.

    Эркин Алимов нинг аризасига асосан 18 октябрь куни Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Эркин Алимовдан талаб қилинган пулдан 6 миллион сўмини Тошпўлат Ниёзов қариндоши, Жарқўрғон тумани, «Ободгузар» маҳалласида яшовчи Сардор Абдуллаев билан келишган ҳолда олиб, ўзининг таниши, туманнинг «Янгиариқ» маҳалласида яшовчи бошқа бир кишига ушбу пулдан 1 бир миллион сўмини бераётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.

    Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган қўшимча суриштирув ишлари давомида Эркин Алимовни шантаж қилиш ва ундан 50 миллион сўм олиш режасини жиноий гуруҳ ташкилотчиси, Жарқўрғон тумани «Узумзор» маҳалласида яшовчи, 1985 йилда туғилган Назар Тўраев тузганлиги, жиноий йўл билан олинган пулларни гуруҳ аъзолари Назар Тўраев, Алишер Ҳошимов ҳамда Тошпўлат Ниёзов ўзаро келишувига асосан тақсимлаб олганлиги аниқланди.

    Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирги вақтда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    (Барча исмлар шартли келтирилган)