Профессор Ҳамидулла Болтабоев: “Расмий идораларда ҳужжат тили ҳали-ҳамон тўлиқ давлат тилига ўтгани йўқ”

Бундан 29 йил муқаддам ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган ва бу Ўзбекистонимизнинг ўз мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олишдаги илк қадамлардан бўлган эди. ЎзА мухбири она тилимизга берилаётган эътибор, бу борада эришилган ютуқлар ва йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоевнинг фикрлари билан қизиқди. Қуйида профессорнинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Зиёлилар ўзбек тилинининг мақомини мустаҳкамлашда етакчилик қила олмади

Ўзбек тили ўз мақомини йўқотиб қўяётгандек эмас, у анча аввал расмий давлат тили сифатидаги мақомини ҳам, миллий тил сифатида ёки адабий тил сифатидаги даражасини ҳам йўқотиб қўйган. Соғлиқни касал бўлмай туриб асраш керак бўлганидек, ўзбек тили ҳам ўз имкониятларини бой бермасдан олдин ҳаракат бошлаганимизда анча осон кечарди. Шукрки, ХХ асрнинг 80-йиллари охирида Ўзбекистонда ўзбек тили Давлат тили деб эълон қилинди. Бироқ, бу кўзланган энг юқори мақомга эришилди, дегани эмас. Бу расмий ҳаракатнинг бошланиши эди. Уни жорий қилиш миллатнинг ҳар бир вакили зиммасидаги масъулият. Оғриқли бўлса ҳам айтаман. Зиёлилар бу йўлда етакчилик қила олмади. Бу ҳолдан бир-икки тадбир билан ёки бир “силкиниш” билан қутулиб бўлмайди. Тил сиёсатига қатъий равишда изчил ва давомли амал қилинмас экан, бу ҳол давом этаверади ва давом этгани сайин ундан қутулиш оғирлашиб бораверади.

Бугунги кунда турмушнинг ҳамма соҳасида янгиланишлар кетаётган бир пайтда матбуот тили, китобларнинг аҳволи мақтанарли эмас. Бунинг боисини биргина мутахассислар етишмаслиги билан боғлаш ҳам тўғри эмас. Мутахассислар керагидан ортиқ, бироқ бу миқдорий жиҳатдан. Сифат масаласи эса ҳар доимгидек орқада. Буни “авлодлар саводсизлиги”дан деб билмаслик керак. Бунинг сабаби миллий руҳни тобора йўқотиб бораётганимизда! Тарбиянинг ҳар бир турини таснифлаб, уларни ривожлантириш пайида бўламиз, бироқ “миллий тарбия” масаласида ўзимизни эҳтиёт қиламиз. Бу “эҳтиёткорлик”, кўпинча, айрим амалдор шахсларга тегишли, улар эҳтиётсизлик орқасида миллат таназзулидан эмас, ўзлари эгаллаб турган лавозимни йўқотишдан қўрқади. Миллий тарбия ҳар бир зиёлининг кундалик юмушига айланмас экан, бу ҳол давом этаверади.

Чунончи, расмий идораларда ҳужжат тили ҳали-ҳамон тўлиқ давлат тилига ўтгани йўқ. Боиси, яна ўша шўрочиликнинг излари. Ҳамон илмий ва давлат аҳамиятига молик ҳисоботларимизни рус тилида ёзаяпмиз ёки ўзбекча ёзганимизда уни таржима қилиб беришларини сўрашмоқда. Нафақат тилда, балки ҳужжатлар тилининг услубида ҳам ўша русча бирикмалар, рус тилидан сўзма-сўз таржима қилинган тайёр қолиплар билан иш кўриш давом этмоқда. Ҳар бир ўзбек зиёлиси қалбида миллат туйғуси шаклланмас экан, нафақат тилда (тил дилнинг ойнаси бўлгани учун унда равшанроқ кўринмоқда), балки ҳаётнинг бошқа жабҳаларида ҳам ортга чекиниш кузатилиши мумкин.

Вазирликлар ижодий ёндашувдан кўра қолиплар асосида иш кўришни афзал билади

Тил таълими миллий таълимнинг давоми, аниқроғи, етакчи бўғини ҳисобланади. Бу таълим жараёнида мактабгача тарбия муассасаларидан бошлаб, олий таълимдан кейинги таълим жараёнига қадар узлуксизлик таъминланиши шарт.

Ёзувни ўзгартирганимизга ҳам анча бўлди. Жорий (лотин) ёзув, асосан, мактаб, лицей ва қисман олий таълимдагина қўлланилмоқда. Шунда ҳам бу жараённи қониқарли, деб бўлмайди. Мавжуд ўқув режа ва дастурларига ўзгартириш киритиш шунчалар қийинки, фақат уни юқоридан белгилаб беришларига ўрганиб қолганмиз. Ёки “юқори”ни кўрсатувчи ўрта бўғин, яъни вазирликлар ижодий ёндашувдан кўра қолиплар асосида иш кўришни афзал билади ва жуда кўп ҳал этилиши лозим бўлган масалалар қолиб кетади. Бир хиллаштиришга шунчалар кўникиб кетганмизки, ҳатто бакалавриат таълим йўналишлари она тилимиз учун ҳам, хорижий тиллар учун ҳам бир хил қилиб белгиланган.

Хорижий тил ўрганувчи мутахассислар миллий тилдан узилиб қолишига сабаб, олий таълим тизимида ўзбек тили рус тилида олиб бориладиган таълим йўналишларидагина ўқитилади. Ҳолбуки, ҳар қандай хорижий тил она тили воситасида сингдирилади, миллий тилнинг кўзгуси бўлган адабиёт эса ҳатто гуманитар факультетларда ўқитилмайди. Ҳатто хорижий филология факультетларида миллий адабиёт у ёқда турсин, “Жаҳон адабиёти” деган фан ўқитилмайди. Фақат тили ўрганилаётган мамлакат адабиёти жуда чекланган ҳолда ўша хорижий тилдагина ўқитилади. Кўп йиллар давомида лицей ва коллежлар она тилида оғзаки ва ёзма нутқни ўстиришга эмас, балки тест топшириқларини ёдлашга киришиб кетгани учун, улар тил амалиётидан анча узоқлашиб қолган.

Ҳужжатларнинг давлат тилида олиб борилмаётгани, табиийки, келажакда ўзининг катта таъсирини кўрсатади. Бу ҳол нафақат расмий ҳужжатлар билан иш кўриш жараёнига, балки миллат тарбиясига ҳам кескин салбий таъсир кўрсатади. Ёзма ҳужжат тилини билмаслик, адабий тил меъёрларига амал қилмаслик оқибатида саводсизлик кучаяди, саводи етарли даражада шаклланмаган кишининг илм соҳаларини чуқур эгаллаши гумон.

Ўзбек тили компьютер тилига айланганича йўқ

Биз бугун жуда кўп масалаларнинг ечимида кеч қолганимизни кўриб, кузатиб, уни бартараф этиш йўлига кирдик. Худди шу каби миллий ва адабий тилнинг бузилиб бораётганини кўрсатувчи ойна – интернет пайдо бўлди. Мана шу ойнага жиддийроқ разм солсак, миллат тарбияси, миллий тил масаласи қай даражада эканини осон англаймиз (баъзилар англамаслиги ҳам мумкин). Бу жараён тезлашиб бораётгани миллий тил меъёрларидан ҳам шундай тезликда йироқлашиб кетаётганимизни кўрсатмоқда. Бироқ, ҳали ўзбек тили компьютер тилига айланганича йўқ, компьютер таржимони ёрдамида ўқилаётган матнлар шунчалар ночорки, уларни ҳатто оддий жумлалар, деб ҳам бўлмайди. Бу ҳолат аввал сезилмаган бўлса, энди интернет ёрдамида бутун дунёга “реклама” қилинмоқда. Билмаслигимизни бунчалар “реклама” қилиш, табиийки, ўзбек миллатининг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатади.

Диссертацияларни тез “ҳимоя қилдириш”га берилиб кетдик

Тилшунослик соҳасидаги тадқиқотлар, асосан, диссертация шаклида юзага чиқмоқда. Диссертациялар эса Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан шундай қатъий талаблар доирасида сақланиб турибдики, уларда ижодий ёндашувни чеклайдиган, ҳар қандай тадқиқотни бир хиллаштиришга қаратилган моддалар кўп. Бу, эҳтимол назоратни осонлаштириш учун, қатъий меъёрларни кучайтириш учун хизмат қилиши мумкиндир. Бироқ, илмий тадқиқотлар мавзусини мутахассислар эмас, ОАКдаги бошқа соҳа вакиллари белгилаб бермоқда. Ҳатто филологик тадқиқотлар авторефератларини бу соҳа вакиллари эмас, ушбу соҳадан йироқ айрим “масъул шахс”лар таҳрирдан ўтказаётганига нима дейсиз? Барча соҳалар каби айниқса, тил соҳасида мутахассис бўлиб етишиш учун ўзи танлаган, кўнгли чопган мавзуларда иш олиб бориш лозим экани кўпчиликка кундай аён. Бироқ, олдиндан белгилаб қўйилган мавзулар доирасидагина илмий тадқиқотлар яратишга таклиф ва тавсиялар бериш ҳам муайян маънода чекланишга олиб келади. Аввал илмий раҳбар, сўнгра илмий кенгаш, ундан кейин ОАК назоратидан ўтаётган мавзулар изланувчи-тадқиқотчи ихтиёрини чеклаб қўймайдими?

Кейинги 4-5 йилда ислоҳотлар сабаб ҳимоя жараёнлари тўхтаб қолгани туфайли энди рақамда ўша бўшлиқни тўлдириш учун шунчалар тез “ҳимоя қилдириш”га берилиб кетдикки, кўп ҳолларда сифат илмий тадқиқотнинг асосий мезони бўлмай қолаяпти. Формал талабларни уддалаган, асл илмдан йироқ тадқиқотчилар ҳам осонгина, тезгина ҳимоя жараёнига кириб кетаяпти. Натижада тез ҳимояни уддалаганлар олган дипломидаги ёзувлар ҳали қуримай туриб илмий раҳбарликка, янги вазифаю амалларга даъво қилмоқда. Уларнинг шогирдлари ҳам кўпинча мана шу “самарали йўл”ни маъқул кўриб, тезроқ даража ва унвон кетидан қуваётир. Илмнинг асл моҳиятидан узоқлашиш, илм билан шуғулланишни кўнгил иши ёки миллат юмуши, деб эмас, балки илмий даража ва унвон йўлидаги уриниш, деб қабул қилиш оммалашиб кетмоқда. Қаердаки, рақам кетидан қувилар экан, у ўз-ўзидан сифатга жиддий салбий таъсир этади.