15 йил хорижда яшаган Фарҳод Иноғомбоев: “Ўзбекистонга бориб, мамлакатни умуман танимадим”

АҚШ молия ва бизнес маркази Нью-Йоркда асосланган “Oppenheimer” сармоя банки Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, мамлакатга 1,2 миллиард долларлик кредит беришга келишиб олган. “Америка Овози”га бу борада ушбу банк ижроия директори Фарҳод Иноғомбоев маълум қилди.

Навбаҳор Имомова мазкур суҳбатни ЎзА учун махсус тақдим этди. Қуйида видео-мулоқотнининг қисқартирилган вариантини сизга ҳам тақдим этамиз.

Ўтган ҳафта “Oppenheimer” делегацияси Ўзбекистон пойтахтида музокаралар олиб борди. Меҳмонлар юқори лавозимли расмийлар, жумладан, Бош вазир Абдулла Арипов билан мулоқот қилган, шунингдек, турли идоралар ва банкларнинг раҳбарлари ҳамда бизнес доираларнинг вакиллари билан учрашди. Иноғомбаевнинг айтишича, унинг банки Ўзбекистонда бир неча йирик таклифлар билан борган. Уолл-Стритда жойлашган “Oppenheimer” кредит беришдан ташқари, республиканинг молиявий рейтингини оширишда ва банк тизимларини ривожлантиришда ёрдамлашиш истагида.

“Банк Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан ҳам ишлайди. Лекин, унинг компанияси “Ўзбекистонга Марказий Осиёнинг маркази” сифатида қарайди, дейди Иноғомбоев.

Хўш, “Oppenheimer”ни мамлакат нимаси билан ўзига тортмоқда? Сармоя самара бериши мумкин, дея ўзига жалб этаётган омиллар нима? Кредит ажратиш, сармоя олиб кириш жараёни қандай кечади?

2007 йилда Нью-Йоркдаги нуфузли Колумбия университетини битирган Иноғомбаев 10 йилдирки, Уолл-Стритда ишлайди, “Oppenheimer” банкида эса саккиз йилдан бери. Иноғомбоев учун 15 йилдан ортиқ хорижда юриб Ватанга етакчи банкир ва молиявий мутахассис сифатида қайтиш ва ҳамкорлик қўлини чўзиш қандай кечди ва кечмоқда?

Суҳбатдошимизга кўра, у сингари сармоя ва капитал оламида фаолият юритадиган ватандошлар ва элатдошлар Ўзбекистондаги жараёнларни қизиқиш билан кузатмоқда ва ҳамкорликка мойил.

“Ўзбекистон ҳозирги курсдан қайтмаслиги ва олдинга қадам ташлайвериши керак. Хорижий бизнес ва сармоя оқимини таъминлайдиган асосий шарт шу”, дейди Иноғомбоев. Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳозир янги даврда яшамоқда, бироқ тараққий этиш учун аввало молиявий жиҳатдан оёққа туриб олиши зарур. Бу йўл эса ҳамиша машаққатли, дейди у.

Одамлар ижобий тарафга ўзгарган

Фарҳод Иноғомбоевнинг айтишича, Ўзбекистонга бориб мамлакатни умуман танимаган. Умуман бошқа мамлакат. Кўчалариям. Аэропортнинг ўзидан сезилади — хушмуомалалик билан кутиб олинади. Бу нарсалар инвестор учун муҳим нарсалар. Иккинчидан, одамлардан сезилиб турибди — одамлар ўзгарган, онги ўзгарган. Эркин, истаган фикрларини билдираяпти, одамларнинг кўзида эртанги кунга ишонч.

Расмийлар сезиларли даражада ўзгарган. Авваламбор, вазирлик даражада, вазир муовини, масъул шахслар — аксари ёшлар. Ҳаммаси инглиз тилини билади. Тадбирларни жуда чиройли ўтказишди. Буни раҳбарим ҳам алоҳида эътироф этди. Молиявий нарсаларни жуда тез тушунишади. Шу нарсалар ҳам биз учун жуда муҳим. Биз жуда ҳавас билан қарадик.

Ҳозирча Ўзбекистонга 5-10 йиллик кредитлар таклиф қилинади

“Oppenheimer” Ўзбекистонга 4-5 та таклифлар келган. Уларнинг асосий кредит портфели билан боғлиқ бўлса, яна бири Ўзбекистон компанияларига Standart and Poor’s, Fitch, Moody’s сингари нуфузли компанияларнинг рейтингларини олишга кўмак беради. Бу иш бепул амалга оширилади, чунки келажакда бунинг эвазига бошқа йўллар очилади.

Йирик компанияларни арзон сотиб қўймаслик лозим

Банкирнинг айтишича, Ўзбекистон ижтимоий аҳамиятга эга, стратегик компанияларни хусусийлаштиришда шошмаслиги керак. Унинг фикрича, ушбу компанияларни арзон бериб қўймаслик лозим. Чет элларда, жумладан, қўшни мамлакатларда бўлганимизда Ўзбекистонни ҳозир тақсимланмаган ресурсдан қарашади. Шуларни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасида ҳам айтдик, эйфорияга берилиб, арзон бериб қўймаслик лозим. Бунинг учун нима қилиш керак?

Катта, гигант ширкатлар бор. Тўғри, уларнинг аксарияти самарали эмас, зарар кўриб ишлайди. Лекин уларнинг ҳаммасини тикласа бўлади. Буларнинг барчасига профессионал менежмент олиб, ёш профессионал, ташқарида ўқиб келган йигит-қизларни жалб қилиб, озгина тажрибаси бўлган, шунақа катта компанияларда ишлаб кўрганларни жойига қўйиб, уларнинг реструктуризация қилиб, сифатини, самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин. Ана шунда уларнинг қиймати юқори бўлади. Ҳозир уни 1 миллионга сотсангиз қаердаю, кейин 50 миллионга сотдингиз — қаерда? Бир миллиардга сотдингиз қаердаю, 20 миллиардга сотдингиз — қаерда?! Ҳукуматимиз мана шу нарсаларда шошилиб, адашиб қолишидан огоҳлантирар эдим.

Чет элдаги юқори малакали ватандошларнинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақида

Боя айтганимдек, ўтмишда бўлган қандайдир хатолар, ўтмишда бўлган қандайдир негатив жараёнларда қанақадир нотўғри вақтда нотўғри ҳаракатда бўлиб қолган бўлиши мумкин. Бу биринчидан. Иккинчидан, баъзилар бўлаётган реформалар, ваъдалар қанчалик самимийлигини билиш учун ҳам кутаётган бўлиши мумкин. Бир йил, икки йил кутайлик, натижасига қараб иш тутамиз деяётганлар ҳам бор. Таваккал қилиб, Ўзбекистонга бориб, нима фойда келтириш ва ўзи нима фойда кўриши мумкинлиги ҳақида ўйлаётганлар ҳам бор. Инвесторлар орасида ҳам шундайлар бор. Лекин яна бир марта такрорлаб айтишим мумкинки, республика раҳбариятида сиёсий хоҳиш бор. Буни 100 фоиз кўрдим. Ҳукумат айтаяптики, келинглар, биз шароит яратиб берамиз демоқда.

Фарҳод Иноғомов Ўзбектистон ҳукумати тўғри йўлдан кетаётганини қайд этиб, бу йўлда қатъий кетиши муҳимлигига урғу қаратди.

Фарҳод Иноғомов ўз “ўтмиши” ҳақида

Фарҳод Иноғомов ўтмишда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага алоқадор бизнесда фаолият юритган, кейинчалик босимга учраб мамлакатни тарк этган. “Ўтмиш бу ўтмиш, ундан хулоса чиқариб, келажакка қараб кетаверамиз. Ўзбекистонда ҳеч ким бу билан қизиқмайди”, деди у.

Элчи Жавлон Ваҳобов ҳақида

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовга алоҳида миннатдорлик билдириб ўтаман. Мен илгариги элчилар билан мулоқот қилмаганман. Жавлон Ваҳобов бир йил элчилиги пайтида катта ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон — АҚШ савдо палатаси неча марта йиғилди, ушбу палатага аъзо бўлдик. Тўғри, палата илгари ҳам фаолият юритар эди, лекин ичида молиявий компаниялар йўқ эди. Инвестиция банкларидан биринчи бўлиб Oppenheimer аъзо бўлди. Президент Трамп ва Мирзиёев учрашди — бу жуда катта иш. Кузатиб бораяпмиз — қанча делегация Ўзбекистонга борди. Ўзбекистоннинг имиджи Америкада — ҳам сиёсий имиджи, ҳам иқтисодий имиджи кескин ўзгариб бораяпти. Ўзбекистон қадамма-қадам секин олиб кирилаяпти. Бу ҳам катта иш. Энг охиргиси бизнинг делегация ташрифидаги барча музокаралар, мулоқотлар жуда мазмунли ташкил қилинди. Давлат ва бошқа ташкилотлар билан самарали мулоқотлар ўтказдик, ишчи гуруҳлар тузилди.

Мулоқотлар натижасида ҳозирда тахминан 1,2 миллиард доллар миқдорида кредит-инвестициясини киритиш бўйича келишувга келинмоқда. Бу фақат Oppenheimer банкининг ўзидан. Булар “Ўзаргоэкспорт”, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Асакабанк” ва “Ўзбекэнерго” соҳасига қарашли лойиҳани молиялаштиришни келишдик. Хусусий сектордан Murad Buildings девелоперлик компанияси билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Қисқа муддат ичида бу ҳақида Ўзбекистон халқига билдирамиз.

1,2 миллиард қоғозда қолиб кетмайдими?

Бизнинг кредит-инвестиция лойиҳаларимиз процедураси 3 ойдан 6 ойга кетади. Бунинг учун камида 4 та юридик компания жалб қилинади. Аудиторлик компаниялари, банклар иштироки кўзда тутилади. Охирги икки ҳафтада энг қизиғи бошланади. Унда Road Show ўтказилади. Биз ва ҳамкор банк вакиллари Женева, Лондон, Америкадан Нью-Йорк, Бостон, Лос-Анжелесда, Осиёда эса Сингапур ва Ҳонгконгда инвесторлар учун тақдимотлар ўтказамиз. Бу эрталабки нонушта, тушлик, тет-а-тет ва бошқа форматларда ўтказилади. Инвесторларга қизиққан саволларига жавоб берилади. Охирида келишув ёпилгач, уч кун ичида Ўзбекистонга пул келиб тушади (Шу жойини янада аниқроқ кўриш учун видеони кўришни тавсия қиламиз — 37-40 минутлар).

Тошкентда Oppenheimer ваколатхонаси очиладими?

Биз бу масалада ҳам гаплашдик. Йил бошида Қозоғистонда Халқаро молия маркази очилган эди. Бизни анча чақиришди, очилишига бордик, шахсан президент Нурсултон Назарбоев таклиф қилган эди. Мен раҳбариятга ҳар доим шошилмас кераклигини айтиб келар эдим. Умуман, бундан беш-ўн йил муқаддам ҳам мен уларга айтардим: Ўзбекистон сизлар учун Banana Republic эмас. Ўзбекистон анча ўзига тўқ, бадавлат мамлакат. Фақатгина тўғри реформалар бошланса, сизлар шуни сезасизлар. Бош вазир билан гаплашганимизда ҳам бу ҳақда сўз борди. Марказий Осиё бўйича офисимизни Ўзбекистонда очамиз. Бунга савол ҳам бўлиши мумкин эмас.

Ҳукумат ўтмишда инвесторлар билан бўлган хатоларни (инвесторларнинг қочиши)ни такрорлмаслигини истар эдим.

Маълумот ўрнида:

Oppenheimer банки юз йилдан кўпроқ тарихга эга. У дунё бўйича 60 дан ортиқ филиалларга, 3000 дан ортиқ ходимга эга бўлган public банк ҳисобланади. Охирги икки-уч йилда муқобил бозор — ривожланаётган мамлакатларга, жумладан, Марказий Осиёга инвестиция киритишга эътибор қаратиб келади.

Банкир билан мулоқот тўлиқ ҳолда видеода