Ўзбекистон ҳукумати хорижда қийин аҳволда қолган ватандошларнинг мамлакатга қайтишига ёрдам берди

    Ўзбекистон ҳукумати хорижда қийин аҳволда қолган 110 нафардан ортиқ ватандошларнинг мамлакатга қайтишига ёрдам берди.

    Хорижда қийин аҳволда қолган ўзбекистонликларнинг 42 кишидан иборат 2-гуруҳини Тошкент Халқаро аэропортида қариндошлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликларининг масъул вакиллари кутиб олди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

    Шундан сўнг, улар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига олиб борилиб, у ерда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилди. Фуқаролар саломатлиги назоратга олингач, Россия Федерациясидан олиб келинган ўзбекистонликлар билан учрашув бўлиб ўтди.

    Учрашув давомида хорижда оғир аҳволда қолган фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларнинг келгуси фаолиятлари учун керакли имкониятларни яратиш, жумладан, хусусий тадбиркорликни йўлга қўйиши учун микрокредитлар ажратиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди, фуқароларни қизиқтирган масалаларда фикр-мулоҳаза алмашилди.

    Учрашув якунида Ўзбекистонга қайтарилган фуқароларнинг яшаш манзилига қадар йўл харажатларини қоплаш мақсадида улар учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида пул маблағлари тарқатилди.

    Шу йилнинг 12 октябрь куни шундай ватандошларнинг дастлабки гуруҳи (жами 71 киши) “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг икки (16:55 ва 22:35 даги) рейси билан Москвадан Тошкентга етиб келган эди.

    Ўзбекистон ва Россия ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 5—8 сентябрь кунлари Москвада бўлиб ўтган 19-мажлисида Россия ИИВнинг чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказларида қолаётган 1500 га яқин Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтишига кўмак кўрсатиш бўйича келишувга эришилганди.

    Бундай фуқаролар тоифасига оғир молиявий аҳволда қолган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ва яшаш учун маблағи йўқ кишилар киради.