Шавкат Мирзиёев хориждаги ватандошларнинг ташкилотларини қўллаб-қувватлаш борасида узоқ муддатли стратегия мавжуд эмаслигини танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади.

 

Унда сўнгги йилларда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ва ҳар томонлама ҳимоя қилишга кўмак бериш борасида муҳим ишлар амалга оширилгани қайд этилган.

Айни пайтда кўплаб ватандошларимиз иқтисодиётимиз, ижтимоий соҳа, илм-фан, маданият, спорт ва бошқа йўналишларни ривожлантиришга, ўзларининг тарихий Ватани – Ўзбекистоннинг обрўсини ошириш ҳамда унинг ташқи дунё билан муносабатларини мустаҳкамлашда муносиб ва сезиларли ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Шу билан бирга, ватандошлар билан алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамияти ва долзарблиги ошаётган бир пайтда, улар билан самарали ҳамкорликни олиб бориш ва ислоҳотларни сифат жиҳатдан яхшилашда уларнинг салоҳиятини жалб қилиш борасида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.

Президент қарорида келтирилишича, давлат органлари ва ташкилотларнинг ватандошлар билан алоқаларни ўрнатишнинг самарадорлиги паст даражада ва қисман  бўлиб қолмоқда.

Иқтисодий, ижтимоий, инвестициявий, илмий-маърифий, маданий ва бошқа устувор лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишда ватандошларнинг салоҳиятидан оқилона фойдаланилмаяпти.

Ватандошларнинг ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини оммалаштириш билан шуғулланадиган ташкилотларини қўллаб-қувватлаш борасида комплекс ва узоқ муддатли стратегия мавжуд эмас.

Хорижда таълим олаётган Ўзбекистон ёшлари билан ишлашга етарли даражада эътибор берилмаётганлиги, мамлакатга қайтганларидан кейин уларни иш билан таъминлаш тизимининг йўлга қўйилмаган.