Америкага Work and Travel дастури билан келиб, 12 минг доллар ишлаб кетиш мумкинми?

Америкадаги ватандошимиз, блогер Шаҳриёр Амонов фейсбукдаги Uzbeks in USA гуруҳида битта аноним саволни жойлаштирди. Унда шундай дейилади:

“Бир дугонамнинг талаба ўғли ёзда 4 ойга work and travel программаси орқали келиб, озгина пул ишлаб кетмоқчи. J1 виза билан 4 ойга келган талаба $12,000 жамлаб кетиши реал ҳолми? Ўз тажрибамдан келиб чикиб, эндигина келган ёш йигит еб ичиши, яшаб туришидан ошириб 4 ойда $12,000 тўплай олмайди, деб хавотирдаман. Бу программадан келган йигит-қизларни билар эдим, иш топишга қийналиб юришган”. Муаллиф гуруҳ аъзоларидан ўз тажриба ва фикрлари билан ўртоқлашишни сўради. Жавоблар ҳар хил бўлди.

Масалан, Акобир Жабборовнинг айтишича, бу даврда 7000-8000 доллар топиш мумкин. Унинг қўшимча қилишича, агар меҳнаткаш бўлса, кунига 12 соат ва етти кун ишласа, 12 минг топиш мумкин. У бир пайтлар (2012—2013 йиллар) официант бўлиб ишлаб, кунига 200 доллар топган, яхши тарафи овқат текин бўлган. У Нью-Йорк учун тахминий сарф-харажатларни ҳам чиқариб берган. Масалан, 400 долларга квартира, еб-ичишга, агар яхши даражада овқатланаман, деса ойига 400-500 кетади. Йўлига ойига 130 долларлик метро карта, телефонига камида 40 доллар кетади. Шунда тахминан 1100 долларлик харажат бўлади.

Далер Амон-зода эса 10-11 минг ишлаб топганлар борлигини айтади. Бу қайси штатга келишга ҳам боғлиқ. Агар энг кам иш ҳақи соатига 15 доллар бўлса, қолаверса, айрим иш берувчилар уй-жой масласида ёрдам беришини ҳам унутмаслик лозим. Overtime ишласа ундан ҳам яхши. Одатда J1 виза билан келганлар иш излаб овора бўлмайди, иши одатда келишидан олдин тайин бўлади.

Шаҳриёр Амонов ўзи билан ҳолатларни тилга олади. Унинг айтишича, 4 ойда 10-12 минг топса бўлади, аммо орттириш масала. Шундаям тиним билмай ишласа. Талабалар cleaning’да ишлашади, 3 минг беришади ойига. Аммо харажатлар сабабли 4 ойга 4000 орттиролса, хурсанд бўлишсин, дейди у.

“4000 минг доллар орттирса, Ўзбекистонда тилло топган билан баробар-ку”, дейди яна бир фойдаланувчи.

Cordial Caprice номли фойдаланувчининг ёзишича, унинг кўплаб курсдошлари 4 ой ичида 15 минг доллар йиғиб кетишган, яъни соф фойда 15 минг бўлган. Йигитлар кўпроқ фойда қилишади, чунки Delivery’да ишлаш имкони каттароқ. Delivery’да ишлаган курсдошларим катта фойда қилишган. Ҳамма нарса боланинг ўзига боғлиқ. Келиб, бир тийин ишламай кетганлар ҳам бор. Уддабурон бўлиб, мақсадини нима эканлигига қараб, ҳаракат қилса, 12 минг ҳеч нарса эмас. Нью-Йоркдан бошқа штатларда, четроқда соф фойда кўпроқ бўлади. Чунки ижара арзон бўлади. Унинг қўшимча қилишича, ишни улар топмайди, шартнома асосида келишади. Талабаларга жуда кўплаб иш таклиф қиладиган Interax бор.

Аброр Бек исмли фойдаланувчи янада аниқроқ ҳисоб-китоб қилиб берган. Унинг айтишича, таксидан кунига 100 доллардан топса, ҳафтасига 6 кун ишлаб, бир кун дам олса, 2700 долларча, агар етти кун ишласа, тахминан 3000 доллар ойига пул топади. Бундан 400 долларини уйига, 400 долларини еб-ичишга, 132 долларини Travel card’га, 55 долларини телефонга ва бошыа майда-чўйда тўловларга 100-200 доллар тўласа, ойига тахминан 1000-1200 харажатга чиқиб кетади. Чўнтагига тоза 1800 долларча пули қолади. Уни 4 ойга кўпайтирса, узоғи билан 6000-7200 доллар пул бўлади. Агар омад келиб, яхши ишга кириб қолмаса ва ижарани ишхонаси қопламаса, Нью-Йоркда ҳақиқий аҳвол мана шунақа. “Одамларни йўқ пулга ишонтириш керак эмас, реал вазиятни айтиш керак. 100 тадан бир киши топган пулни айтишни мен ҳам биламан”, деб хулоса қилади у.

Абдулвосит Абдулаҳадов исмли фойдаланувчи ҳам бу пулни топса бўлишини айтади. “Асосан ишига боғлиқ. Бу ердагиларнинг кўпи бу программани билмасдан, жой топиши, иш топиши учун анча вақт кетади, 3-4 минг топсаям катта гап деганлар бор экан. Йўқ ундай эмас! Топса бўлади ўша пулни. Фақат сизлар айтгандек, кунига 12 соат ҳафтасига 7 кун ишламайди, ундан кўпроқ ишлайди. Ўзбекистондан кетишдан олдин иши, жойини ҳаммасини ҳал қилиб кетилади. Бориб жой қидириш учун вақт кетмайди. Ўзим ҳам борганман. Биринчи йил куни 12-13 соат иккита ишда ишлардим, иккаласида ҳам overtime бўлмагани учун унча яхши бўлмаган. Бу йил эса кунига 19-20 соат ишладим. Ҳа, рост)). Кўп нарсаларга пул сарфламаса, бироз уйқудан кечиб, тиришқоқ бўлса, 15 минг бемалол топиб олиб кета олади”, деб ёзади у.

Унинг фикрига, хусусан, 19-20 соат ишлаш ҳақидаги гапларига эътироз билдиришди. Йўл вақтини ҳисобга олса, кунига 2 соат ухлаш сафсафата-ку, деганлар ҳам бўлди.

Пост эгаси уларга ҳам жавоб берди: ўзим ишлаганман. Сизлар Нью-Йорк  шаҳрини тушунманглар. Ман бошқа штатда бўлганман, ва бу программа шаҳарга жўнатмайди студентларни одатда. Ёзда одам гавжум бўладиган жойларга жўнатади, у ерда шунақа ишлашни имкони бор. Ўзим кунига одатда 17-19 соат ишлардим. 20 соат, 21 соат ишлаган кунларим ҳам бўлган. Осон эмас, лекин қиламан деса эпласа бўлади, деб гапини якунлайди у.

Яна бир фойдаланувчи 15 минг топаман, деб соғлиқдан ажралиб қолмасликни тавсия қилаяпти. Чеккароқ штатларда 10 минггача топиш мумкин, дейди у.

Бошқа бир фойдаланувчи эса таниши 4 йил давомида ушбу дастур орқали қатнашиб, Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидан 39 минг долларга икки хонали квартира олганини ёзади.

Яна бир фойдаланувчи эса бунча пул топиш учун Work and Travel эмас, балки Work and Work қилишга тўғри келади, деб ёзади.