Ўзбекистон чет эл банкларининг улушини кўпайтиради

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов Қозоғистон финансистларининг саккизинчи конгрессида инвесторларнинг муҳим саволларига жавоб берди. Бу жавобларда айрим сигналларни сезиш мумкин. Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар нечоғли ҳимояланган? Мамлакатлар ўртасида капитал эркин ҳаракатланиши ҳақида нечоғли гапириш мумкин? “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун қачон қабул қилинади? Давлатнинг банклар фаолиятидаги иштироки қандай бўлади? Қуйида шу саволларга қисқача жавобларни ҳавола этамиз.

Инвесторлар даромадлари репатриацияси

Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, репатриацияга доир масалалар бугунги кунда тўлиқ ҳал қилинган. Биз энди валюта бозорини амалга оширишга киришганимизда, фойда репатриацияси бўйича каттагина миқдорда қондирилмаган талаб бор эди. Биз йирик инвесторлар билан бу масалани муҳокама қилдик. Чунки валюта ислоҳотлари жараёнида биз барчамиз конвертацияга мурожаат қилганимизда, курс жуда кескин кўтарилиб кетган бўлар эди. Ва ушбу масалани икки ой давомида тўлиқ ҳал қилдик.

Репатриация билан боғлиқ кечиктирилган ўша талабни қондириш учун валюта бозоридан тахминан 800 миллион доллар йўналтирилди.

Янги таҳрирдаги “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун ҳақида

Биз ҳозирда қонун лойиҳасини тўлиқ ишлаб чиққанмиз ва халқаро молиявий институтларга, жумладан, Халқаро валюта жамғармасига, Жаҳон банки ва бошқаларга берганмиз. Улар айнан валютани тартибга солишда қандайдир чекловлар ёки лимитлаш зарурлиги бўйича ўз таклифларини беради. Умуман, келгуси йилнинг биринчи ярмида мамлакатда банк фаолиятига тааллуқли учта қонун қабул қилинади.

Капитал ҳаракатланиши ҳақида

Капиталнинг ҳаракатланишига келадиган бўлсак, биз ушбу масала устида ўйлаяпмиз ва ишлаяпмиз. Келгуси йил охирига қадар ҳукумат ва парламентга ушбу масалани киритамиз.

Банк тизимидаги ислоҳотлар учун асосий рисклар

Банк сектори олдида турган муҳим муаммолардан бири банклар фаолиятини янги шароитларга, замонавий рискларга, жумладан, молиявий рискларга тайёрлашдир. Чунки мамлакат банк тизими учун асосий таҳдид ривожланган ва очиқ иқтисодиётларда бўлгани каби рисклар билан ишлашда тажриба етишмаслигидир.

Мисол учун, Ўзбекистонда йирик банклар асосан давлатга суяниб қолган. Бу эса уларнинг муқобил молиялаш манбаларини, жумладан, молиявий инструментларни чиқариш йўлларини излашига тўсиқ бўлиб келди.

Аниқ қадамлар

Ҳукумат давлат томонидан молиялаштиришнинг жорий амалиётини банк ставкаларини субсидиялаш амалиётига алмаштириш ҳамда мамлакатга мумкин қадар кўпроқ чет эл банкларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Банк секторидаги ислоҳотлар чет эл банкларининг улушини кўпайтиришга қаратилган. Бу рақобатни кучайтиради, кредитлаш имкониятларини кенгайтиради.

Давлат дастурлари учун алоҳида банк

Ҳукумат давлат дастурлари билан шуғулланадиган алоҳида банкни ташкил қилади. Ҳукумат билан шундай тўхтамга келдикки, банклар капиталида давлатнинг улушини камайтириш лозим.