Ўзбекистонда интернетнинг умумий ўтказиш қобилияти 10 мартага ўсди. Facebook ва YouTube қачон ишлаши номаълум

30 ноябрь куни «Ўзэкспомарказ»да Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Ўзбектелеком» АК томонидан ташкил этилган «Ўзбекистон Республикаси президенти топшириғи бўйича АКТ соҳасида топшириқларни амалга ошириш кетма-кетлиги» ҳисобот анжумани бўлиб ўтди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, «Ўзбектелеком» АК томонидан «Халқаро пакетли коммутация марказлари ва маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида Халқаро пакетли коммутация маркази комплекслари модернизация қилинди ва шундан кейин ХПКМ комплексларининг умумий ўтказиш қобилияти 10 марта: ўзгартирилган трафиги 110 Гбит/с.дан 1200 Гбит/с.гача ўсди.

Қайд этилишича компания тариф режаларида эълон қилинган тезликни кафолатлайди. 2018 йил 1 декабрдан бошлаб компания янги кафолатланган чексиз тариф режаларини ишга тушади.

Бундан ташқари, энди тариф режаларида «гача» қўшимчаси мавжуд бўлмайди, бу танлаб олинган тариф режаси бўйича тезликнинг кафолатланишини англатади. Энди 1 Мбит/с – 1 Мбит/с. эканлигини англатади.

Шунингдек, таъкидланишича, Ўзбекистонда сўнгги вақтларда Facebook ҳамда YouTube ижтимоий тармоқлари ишламаяпти. Компаниядан билдиришларича, ушбу муаммога ечим топилишидан манфаатдор.

Тадбирда айтилишича, компания ҳозир масала билан шуғулланмоқда ва натижа бўлиши билан бу ҳақда барча хабардор этилади.