Лотин алифбосининг якуний лойиҳаси тақдим этилди. Унда “c” (“ц”) ҳарфи бўлмайди

    Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кафедра мудири, университетда ташкил этилган махсус ишчи гуруҳ вакили Саодат Муҳамедова “Facebook” ижтимоий тармоғида лотин ёзуви бўйича олиб борилган ишларнинг якунларини эълон қилди.

    Кўплаб таклиф-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, алифбонинг энг муаммоли томонлари ҳақида якуний хулосалар қилинди.

    “O‘”, “g‘”, “sh”, “ch”лардан воз кечиладиган бўлди.

    Юқоридаги ҳарфлар ўрнига мувофиқ равишда “ŏ”, “ğ”, “ş”, “ç” жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Булар – алифбо ислоҳотининг энг бошидан таклиф этилган ва энг жиддий деб баҳоланган муаммоли ҳарфлар бўлиб, уларнинг ўзгартирилиши ортиқча баҳсларни келтириб чиқармади.

    “Sh”, “ch” ҳарф бирикмаларидан воз кечилишига аргументлар қаторида “халқимиз бир фонема (товуш)га – бир ҳарф тамойилига ўрганган”и айтилди.

    Лекин матннинг кейинги қисмларида бу тамойилга зид фикрлар ҳам келтирилган.

    Жумладан, унли товушлар миқдорини кўпайтириш турли сабабларга кўра рад этилди. Яъни, олд ва орқа қатор унлилар (“ı” / “i”, “u” / “ü”, “o” / “ö”) жуфтликлари битта ҳарф билан ифодаланади. Бундан ташқари, “ng” ҳарф бирикмаси ҳам сақлаб қолинди. Бунга ҳам, унлилар билан бўлганидек, матнларни бир алифбодан бошқа алифбога конвертация қилишда келиб чиқадиган муаммолар ва хатоликлар сабаб қилиб кўрсатилди.

    Энг муаммоли ҳисобланган “c” ҳарфи янги алифбодан ўрин олмайдиган бўлди.Бунга асос тариқасида “ц” товушининг ўзбек тилига хос эмаслиги келтирилди. “C” ҳарфи билан “ж” товушини ифодалаш ҳақидаги таклиф ҳам маъқул кўрилмади.

    Шундай қилиб, лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосига минимал ўзгартиришлар киритиладиган бўлди.