Ўзбекистон Франция раҳбари Макроннинг интернет бўйича режасига қўшилди

Франция президенти Эммануэль Макрон интернетни бошқариш бўйича форумда «Кибермаконда ишонч ва хавфсизликка Париж декларацияси»ни (Paris Call for Trust and Security in Cyberspace) тақдим этди. У интернетни тартибга солишни таъминлаши лозим бўлган меморандумдир, деб ёзади РБК.

Ҳужжат 51 мамлакат, юзлаб тижорат ва нотижорат ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди — жами 370дан ортиқ имзо қўйилди. Бундан Франция ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган ҳужжат дарак бермоқда. Ҳужжатга қўшилган мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Макроннинг маълум қилишича, интернетни тартибга солишда иккита ёндашув бор: Калифорния, у тўлиқ назоратсизликни назарда тутади ва Хитой, бунда давлат тармоқни тўлиқ назорат қилади. Франция президенти унисини ҳам,  бунисини ҳам қўллаб-қувватламайди. Унинг сўзларига кўра, давлатлар фуқароларни ўз маълумотларидан нотўғри фойдаланишга ундаш, шунингдек, зарарли маҳсулотлардан ҳимоя қилиши керак. Унга кўра, ҳужжатни имзолаганлар сони ортиб боради.

Меморандумга глобал йирик компаниялардан Microsoft, Google, Facebook, IBM, Oracle, Nokia ва бошқалар қўшилди.

Меморандумга биноан, имзоловчилар фойдаланувчиларни зарарли ҳаракатлардан ҳимоя қилиш, интернет ресурслар мавжудлигига зарар етказадиган ҳаракатларга йўл қўймаслик, сайловларга хорижий аралашувлар ва интеллектуал мулкни ўғирлашнинг олдини олиш, шунингдек, тармоқдаги давлат ҳамда нодавлат субъектларни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш мажбуриятини олади.

Маълумотларга кўра, мазкур меморандумни АҚШ, Россия ва Хитой имзоламаган.