Ўзбекистонда инвесторлар эркин иқтисодий зоналарга пул тикишдан ҳафсаласи пир бўлмоқда

“Тараққиёт стратегияси” маркази Швейцариянинг “PeaceNexus” жамғармаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг сентябрь ва октябрь ойлари давомида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган тадқиқот ўтказди.

Мутахассислар “Навоий” ва “Ангрен” эркин иқтисодий зоналарига ташриф буюриб, жойларда тадқиқотлар олиб борди.

Тадқиқотлар фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий асослари ва эркин иқтисодий зоналарнинг инвестицион жозибадорлиги, солиқ сиёсати, божхона маъмуриятчилиги, эркин иқтисодий зоналарнинг атроф-муҳитга ва ижтимоий-иқтисодий таъсири каби беш йўналишда олиб борилди.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда «Навоий» эркин иқтисодий зонада рўйхатга олинган иштирокчилар сони 35, Ангренда эса 82тани ташкил этади.

Мутахассисларнинг аниқлашларича, эркин иқтисодий зоналар маҳаллий бошқарув органларида қуйидаги муаммолар мавжуд:

Биринчидан, эркин иқтисодий зона маъмуриятлари потенциал инвесторларга ер, бино ва иншоотларни ажратиш ваколатига эга эмас. Ер участкалари, бино ва иншоотларни ажратиш ҳақидаги қарорлар маъмурий кенгашлар томонидан қабул қилинади ва кўпинча бир неча ойларга чўзилади;

Иккинчидан, маъмуриятларнинг инвесторларни муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларига (электр, газ, совуқ сув, канализация) улаш бўйича ваколатлари чекланган. Аксарият ҳолларда эркин иқтисодий зоналар муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ташкил қилинмасдан туриб очилади;

Учинчидан, ҳужжатлар йиғиш ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш бўйича талаблар ўта мураккаб ҳамда инвестиция лойиҳаларига рухсат бериш бўйича маъмурий ва республика кенгашларининг қарорлари ортиқча равишда бюрократлашган;
Тўртинчидан, инвесторлар билан ишлаш бўйича «ягона ойна» тизими яратилмаган – инвесторлар ҳар бир қарор бўйича югуриб юришга ва давлат органларининг  қарорларини ойлаб кутишга мажбур бўлишади;

Бешинчидан, маъмурий кенгашлар таркибига «Ўзбекэнерго», «Ўзбекнефтегаз», Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий вакиллари киритилмаган;
Олтинчидан,  маъмурий кенгаш вазирлик ва республика бўйсунувидаги идоралар балансидаги ер, бино ва иншоотлар бўйича қарор чиқара олмайди.

Инвесторлар шунингдек, қуйидаги муаммоларга дуч келишади:  

Аввало, меҳнат визаларини олиш (Ўзбекистон Республикасида хориж фуқароларининг ишга жойлашиши) ўта мураккаб. 2012 йилгача ишга жойлашиш учун рухсатнома олишнинг соддалаштирилган тартиби нима учундир бекор қилинган. Рухсатнома 30 кун давомида бир йилга узайтириш ҳуқуқи билан бир йилгача муддатга берилади. 2 йиллик муддат якунлангача, хорижлик инвестор Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан янги рухсатнома олиши керак бўлади.

Иккинчидан, давлат ҳокимияти органлари томонидан бюрократик жараёнлар узоқ давом этади ва мурожаатларни кўриб чиқиш тасаввурга сиғмайдиган даражада узоқ муддатни олади. Қурилиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича Давлат экология қўмитаси хулосаси ва рухсатини олиш бир неча ойларга чўзилади. Худди ўша хизматлар биргина баҳона асосида мурожаатни рад этиши ва бир неча марта уни қайта ишлаш учун қайтариши мумкин;

Учинчидан, эркин иқтисодий зонадаги иштирокчи корхоналарга хизмат қиладиган зарур логистика хизматлари ташкил этилмаган. «Навоий» эркин иқтисодий зонадагилар буни эркин иқтисодий зона ҳудудида фақатгина рўйхатга олинган иштирокчилар бўлиши мумкинлиги билан изоҳлашади;

Тўртинчидан, эркин иқтисодий зона яқинида инвестор талабига жавоб берадиган ижтимоий инфратузилма ташкил этилмаган. Инвесторлар вақти-вақти билан келишни ва шу куниёқ Тошкентга қайтишни маъқул кўришади;

Бешинчидан, божхонада инвесторлар барча зарур ҳужжатларни қайтадан тўлдириш, сертификат йиғиш ва божхона жараёнларидан қайтадан ўтишларига тўғри келади. Шунинг учун инвесторлар катта миқдордаги хомашёни олиб киришга ва уни божхона омборида сақлашга мажбур бўлишади;

Олтинчидан, давлат компаниялари («Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари») томонидан кўрсатиладиган хизматлар нархи юқори. Масалан, битта 40 футли контейнерни Навоий шаҳридаги «Тинчлик» станциясидан «Навоий» эркин иқтисодий зонагача  (25 км) олиб бориш 500 долларга тушади.

Бундан ташқари, эркин иқтисодий зоналарда арзон ва сифатли транспорт  хизматлари (масалан, «Навоий» эркин иқтисодий зонада контейнерларни юклаш-тушириш крани ишламайди) ва техник сув ҳамда канализация бўйича муаммолар мавжуд. «Ангрен» эркин иқтисодий зонада узлуксиз табиий газдан фойдаланиш борасида муаммолар бор ҳамда инвесторлар талабига жавоб берадиган ижтимоий инфратузилма яратилмаган.  Шу боис инвесторлар вақти-вақти билан келишни ва шу куниёқ Тошкентга қайтишни маъқул кўришади.

Улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига яқин туманларни инвестиция  киритиш учун қулай жойлар деб топишган.