Ўзбекистонда Германия университети филиали очилади

Самарқанд шаҳрида Германия университетларидан бирининг филиали очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида фаоллар иштирокида йиғилиш вақтида айтиб ўтган.

Давлат раҳбари Германиянинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиб, Самарқандда «рақамли иқтисодиёт» учун кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида гапирган.

Kun.uz мухбири [хабар беришича](https://kun.uz/news/2019/01/11/ozbekistonda-germaniya-universiteti-filiali-ochiladi-prezident), президент Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидовга шу масала бўйича кўрсатма берган.

«Германияга боргунимизгача, Самарқандда қайси университет филиалини очиш масаласини ҳал қилиб кел. Кейинги йилдан қабул бошланиши керак. Самарқандликлар ва қўшни вилоятликлар шу ерга келиб ўқийди», деган президент.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида Тошкент давлат техника университети филиали ҳам очилади ва у ерда рақамли иқтисодиёт бўйича мутахассислар тайёрланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 январь куни инвестиция соҳасига бағишланган видеоселекторда хорижий давлатларнинг етакчи университетлари филиалларини очиш олий таълим соҳасига киритилган яхши инвестиция эканини, билимли, замонавий мутахассислар мамлакатга катта манфаат келтиришини таъкидлади.

Ўзбекистонда 91 та олий таълим муассасаси мавжуд, шундан 11 таси хорижий олий таълим муассасалари ва филиалларидир. Айни вақтда юртимизда Россия Федерацияси, Буюк Британия, Жанубий Корея, Сингапур, Италия каби давлатларнинг олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 январдаги қарорига мувофиқ уларнинг сафига Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган янги Ҳиндистоннинг Амити университети ҳам қўшилди. Ушбу университетда ахборот-коммуникация технологиялари мутахассислари тайёрланади, улар дастурий таъминот ишлаб чиқиш, ахборот тизимлари ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича халқаро стандартлар даражасида таҳсил олишади.