АҚШ корпорацияси Бахмал туманида 21 млн долларлик лойиҳани молиялаштиради

    АҚШ Хусусий хорижий инвестициялар корпорацияси (OPIC) Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштиришни қайтадан йўлга қўймоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

    2018 йил май ойида OPIC ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси 2000-йиллар бошида тўхтаб қолган ҳамкорликни қайтадан жонлантиришни кўзда тутувчи ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаган эди. Ҳужжат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи чоғида тасдиқланди.

    Жиззах вилоятида фаолият кўрсатувчи Hosiyatli Bog Plus фермер хўжалиги делегацияси Вашингтонда OPIC билан Бахмал туманида 21 млн долларлик қийматдаги интенсив боғ ва иссиқхона хўжалигини барпо этиш бўйича музокаралар олиб борди.

    «Бу меморандум имзоланганидан кейин OPIC молиялаштирадиган биринчи лойиҳага айланади», — дейилади хабарда. Лойиҳани март ойида ишга тушириш белгиланган.

    Ўзбекистон томони OPIC билан меҳмонхона бизнеси, хусусий тиббий хизматларни ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги бошқа инвестицион лойиҳалар устида ҳам иш олиб бормоқда.

    OPIC мақсади — ривожланаётган бозорларда Америка бизнесига кўмак кўрсатишдан иборат. OPIC Ўзбекистонда ўз фаолиятини 1992 йилда бошлаган, ўтган давр мобайнида 230 млн долларга яқин Америка банклари кредитларини жалб қилиш бўйича кўмак кўрсатган эди.