Ўзбекистонда сунъий уруғлантиришга рухсат берилади

    2019 йил 7 январда юртимизда демографик ҳолатни яхшилашга қаратилган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига тақдим этилди. Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқилди.

    Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими C. Саидованинг айтишича, ушбу лойиҳанинг асосий ғояси аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, аёллар ва эркаклар бепуштлигининг олдини олиш ва даволаш тизимини қонун даражасида мустаҳкамлаш, аҳолининг репродуктив саломатлиги соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, бу борадаги муаммоларга ечим топишда нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, аҳолининг кенг қатламларини жалб қилишга қаратилган.

    Лойиҳанинг асосий янгилиги шундаки, парламент аъзолари томонидан жамоатчилик фикри ҳамда ўз сайловчилари сўровларини ўрганган ҳолда, миллий тажрибада биринчи маротаба соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ёрдамчи репродуктив технологияларни босқичма-босқич жорий қилиш таклиф этилмоқда. Бошқача айтганда, қонун лойиҳаси биринчи навбатда, бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлган аёллар ва эркаклар бепуштлигига барҳам бериш, шунингдек, Ўзбекистонда сунъий уруғлантириш (ЭКО) ва касалланган тухум ҳужайраларини олиб ташлаш орқали соғлом генофондни шакллантириш каби хорижий мамлакатларда болалар туғилишида кенг қўлланилаётган илғор инновацион ёндашувларни Ўзбекистон шароитида қўллашни кўзда тутмоқда.

    Репродуктив саломатлик соҳасида давлат-хусусий шериклиги ҳамда нодавлат хусусий тиббиёт муассасаларининг фаолиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганган лойиҳа сиёсий партияларнинг фракциялари ҳамда қўмиталарда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Фракция йиғилишларида таъкидланганидек, бугунги кунда дунё миқёсидаги муаммога айланиб улгурган репродуктив саломатлик ва бепуштлик масалаларини бартараф қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Қатор халқаро экспертлар таҳлилларига кўра, дунёда репродуктив ёшдаги жуфтликларнинг ўртача ҳисобда 10-15 фоизи бепуштликдан азият чекади. Ўзбекистонда ўтказилган турли тадқиқотлар натижасига биноан, оила қурган аёллар орасида бирламчи бепуштлик 4,9-5,3 фоизгача етади.

    Шу муносабат билан, ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистонда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган репродуктив саломатлик ҳамда оналар
    ва болалар саломатлиги миллий модели шакллантирилиб, амалга оширилмоқда.

    Ҳозирги вақтда қонун лойиҳаси унинг концептуал қоидаларини муҳокама қилиш мақсадида парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилиш учун тайёрланмоқда. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёни ҳамда муҳокамалар натижаларига кўра, қонун лойиҳаси муаллифлари унинг айрим қоидаларини чиқариб ташлашга қарор қилишди. Хусусан, масъул қўмита томонидан суррогат оналик, эмбрион донорлик сингари қўшимча репродуктив технологияларнинг замонавий турларини қонун лойиҳасида акс эттиришга ҳали эрталиги тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Қуйи палата томонидан қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишда, норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, уни тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунга айлантиришга алоҳида аҳамият берилди.

    Айни пайтда қўмитада мазкур қонун лойиҳаси устида ишлаш давом этмоқда. Фракциялар, қўмиталар ҳамда комиссиялардан тушган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилмоқда.