Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Америкадаги ватандошларга мурожаат қилди

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлайдиган Ўткир Саидов АҚШдаги ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди.

Унинг Facebook’даги Uzbeks in USA гуруҳида жойлаштирилган постида айтилишича, ҳозирда Ўзбекистонда Президентимиз томонидан туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонни хорижда кенг тарғиб қилишда Сиз каби хорижда истиқомат қилувчи Ватандошларимиз кўмагига таянамиз, дейилади постда.

“Ўзбекистонга келган ҳар бир турист мамлакат учун катта фойда келтиради. Ўзбекистонни янада ривожлантиришда Сиз каби ватанпарвар юртдошларимизнинг ҳар қандай ёрдами муҳим аҳамиятга эга.

Ҳурматли Ватандошлар! Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини АҚШда тарғиб этишга кўмаклашишнинг қуйидаги йўллари таклиф этилади:

  1. Шахсий автомобиллар ёки таксиларга Ўзбекистон бренди туширилган наклейкаларни ёпиштириш, шунингдек ушбу наклейкаларни бошқа Ватандошларга тарқатиш;
  2. Автобус, такси, метро, иш жойи, овқатланиш шохобчалари, дўконлар ва бошқа жамоат жойларида флаер, брошюра ва журналларни тарқатишда кўмаклашиш;
  3. Ўзи иштирок этадиган тадбирлар давомида Ўзбекистон тўғрисидаги тарғибот материалларини тарқатиш, видеороликларни намойиш қилиш ёки презентация қилиш;
  4. Ўзи аъзо бўлган ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар, каналлар ва ўзининг шахсий саҳифаларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақидаги видеолар, расмлар ёки эълонларни жойлаштириш;
  5. Ўзбекистон бренди ва алоқа маълумотлари туширилган футболка ва кепкаларни кийиш ва тарқатиш;
  6. Талабалар ўқиш даврида тарқатма материалларни тарқатиш ёки презентациялар ва видеороликларни намойиш қилиш (National day ва бошқа шу каби тадбирлар доирасида);
  7. Таниш блогер ва журналистлар орқали Ўзбекистон ҳақидаги материалларни тарқатиш ва тарғибот қилиш;
  8. Шаҳар кўчалари ва жамоат жойларига баннер ва билбордлар ўрнатиш имкониятларини ўрганиш ва Қўмита ходимларига маълум қилиш;
  9. Юк машиналарига Ўзбекистон бренди туширилган реклама воситаларини ўрнатиш;
  10. Супермаркет ва дўконларда сотилган маҳсулотлар солинган пакетларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақидаги буклет ва флаерларни солиб бериш механизмини йўлга қўйиш;
  11. Ўзи ишлайдиган ташкилот ходимлари ва бошқа ҳамкасбларига Ўзбекистон бренди ва Ўзбекистон ҳақидаги маълумотлар туширилган блокнот ва ручкаларни совға қилиш ва бошқалар.

Шулар ёки бошқа қайсидир йўл билан ёрдам бериш имконингиз бўлса билдиришингизни ва зарурий тарғибот материаллари бўйича буюртма ёки таклиф беришингизни сўраймиз.

Зарурий тарғибот материаллари бўйича уларнинг сони кўрсатилган ҳолда буюртма берилса (логистика муддатини инобатга олган ҳолга), Қўмита томонидан етказиб берилишини билдирамиз. Таклифларингизни кутиб қоламиз! Ўз Ватанингизга ёрдамингиз учун олдиндан раҳмат!”, деб якунланади пост.