Америка компаниялари Ўзбекистонни ишончли ҳамкор сифатида танлайди

25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва савдо вазирлигида АҚШ Давлат котибининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Мил бошчилигидаги Америка Қўшма Штатларининг Савдо ва иқтисодий масалалар бўйича бюроси вакилларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо PR маркази хабар берди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо PR маркази

Йиғилиш давомида хорижий томон мамлакатдаги қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, хусусан, даромадларни қайтариш ва миллий валютани эркин алмаштиришни жорий этиш бўйича барча чекловларни бекор қилиш юзасидан яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бозор механизмларини жорий этиш бўйича энг муҳим қадамлардан бири ерни хусусийлаштириш ва чет эл фуқароларига мамлакатда яшаши учун рухсатнома олиш ҳуқуқи берилганлигидир.

Суверен кредит хавфини баҳолашни ва Лондондаги қимматбаҳо қоғозлар бозорида евробондларни муваффақиятли жойлаштириш кўрсаткичи орқали Ўзбекистон ўзини халқаро миқёсда бемалол кўрсата олади. Шу ўринда тизимли ислоҳотлар натижаларини эътироф этиб, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти Ўзбекистонни кредит рейтинги бўйича 5-тоифага кўтарди.

Яна бир нарсани эътироф этиш жоизки, Америка капитали асосидаги «Джон Дир», «Ханивел», «Дженерал Электрик», «Хилтон», «Катерпиллар» каби йирик компаниялар ва бошқалар Ўзбекистонни биргаликда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитли ишончли ҳамкор сифатида танлайди.

Учрашувда Вашингтон ва Тошкент ўртасида инвестиция соҳаси, шунингдек, икки мамлакатнинг кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган молиявий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқиш стратегик ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши эканлиги алоҳида таъкидланди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо PR маркази

Ўз навбатида, жаноб Дэвид Мил Ўзбекистоннинг АҚШ тадбиркорлик доиралари вакиллари билан савдо алоқаларини ривожлантириш имкониятини ва хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини таъкидлади.

Томонлар Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши учун кейинги қадамлар ва ЖСТ директори ўринбосари Аллан Вольфф ташрифи бўйича фикр алмашди. Вазирлик раҳбарияти ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириш ва Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига кириши ҳамда халқаро савдо майдонида тўлиқ иштирокчи бўлишида ЖСТга аъзо бўлиш жараёни нафақат ташкилот учун, балки мамлакат учун ҳам устувор аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо PR маркази

Мамлакатнинг тўқимачилик маҳсулотларига «Cotton Campaign» томонидан байкот қилинишини тўхтатиш истиқболлари ҳам муҳокама этилди. Бу борада Ўзбекистондаги вазиятни барқарорлаштириш, барча қабул қилинган халқаро стандартларга риоя қилиш ва фуқаролик жамиятини ҳимоялаш, мажбурий меҳнат шароитларини бартараф этиш борасида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар айтиб ўтилди.

Учрашув якунида томонлар икки томонлама ҳар йили бўлиб ўтадиган ўзбек-америка сиёсий маслаҳатлашувлари доирасида белгиланган масалаларни батафсил муҳокама қилиш учун тайёрлигини билдирди.