Ўзбекистонни Европа меҳмонхоналар, ресторанлар ва кафелар ассоциациясига таклиф қилишди

21 февраль куни Ўзбекистоннинг Бельгиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилёр Ҳакимов Европа меҳмонхоналар, ресторанлар ва кафелар ассоциацияси (HORTEC) бош ижрочи директори Кристиан де Барри билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.

Европа меҳмондўстлик ассоциацияси (HORTEC) ижроия қўмитаси ва Европанинг 30 давлатида фаолият юритувчи 42 та аъзо-ташкилотдан иборат. Кузатувчи мамлакатлар орасида Грузия, Туркия ва ҳатто, жуғрофий жиҳатдан Европа ҳудудига кирмайдиган бошқа қатор давлатлар бор.

Учрашувда таъкидланганидек, Европа туризми тараққиёти бевосита меҳмондўстлик анъаналари билан чамбарчас боғлиқдир. Европа иттифоқи мамлакатларида 11,9 миллион нафар киши айнан мазкур соҳада меҳнат қилиши ҳам бунинг ёрқин далили саналади.

Ўзаро мулоқотда томонлар сўнгги икки йилда дунё сайёҳлик соҳасининг энг ҳайратга солувчи трендига айланиб улгурган Ўзбекистон туризм тармоғида амалга оширилган ислоҳотларга юксак баҳо беришди. Жаҳонда сайёҳлик ўсиши кўрсаткичи 7, Европада эса 8 фоизга етгани баробарида, мамлакатимизга туристлар оқими икки баробар ошгани мамнуният билан қайд этилди. Барқарор туризмни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда сайёҳлик хизматларини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришда изчил ҳамкорликнинг йўлга қўйилишидан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани айтиб ўтилди.

Бунинг учун қисман Европа иттифоқи давлатларидаги соҳа вакиллари томонидан кўп томонлама манфаатли ёндашув асосида мамлакатимизга киритиладиган йирик сармоялар зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари, сайёҳлик оқими, “сунъий онг” ва блокчейнларни сифатли бошқаришда муҳим ўрин тутувчи маълумот алмашинуви бўйича ўзаро тадқиқотлар олиб борилади. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ошпазлари ассоциацияси раҳбарияти билан конференц-алоқа ўтказилиб, унда икки томонлама шерикликни ривожлантиришнинг келгуси режалари ишлаб чиқилди.

Музокаралар якунида Европа томони Ўзбекистонни HORTECга аъзо бўлишга чақирди. Бу борада яқин фурсатда зарур тартиб-қоидалар ишлаб чиқилади. Ўз навбатида, элчи Европа меҳмонхоналар, ресторанлар ва кафелар ассоциацияси вакилларини мамлакатимизда ўтказиладиган “FoodWeek & Horeca Uzbekistan 2019” халқаро озиқ-овқат ва қадоқлаш маҳсулотлари кўргазмасига таклиф этди.