Янги жамғарма хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини тарғиб этишга маблағ ажратади

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди. Унга Президентнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов раҳбарлик қилади. Унинг мақоми Президент маслаҳатчиси биринчи ўринбосарига тенглаштирилган.

Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишини таъминлаш, мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, медиа-бозорда улар учун тенг шароитлар яратиш, шунингдек, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, инвестициялар жалб этиш ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

ахборот соҳасидаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини умумлаштириш, оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илгари суриш ва ишлаб чиқиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларга улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда, давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдиришда, шу жумладан, уларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий жиҳатдан таъминлаш орқали кўмаклашиш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, инвестициялар киритиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун яратилган қулай шароитларни, аввало, хорижий ишбилармон доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғиб этиш ва кенг хабардор қилиш масалаларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимлари, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

китоб нашр этиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб мутолааси маданиятини ошириш, хорижда ўзбек адабиётини оммалаштириш соҳасида дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона корхоналари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, тармоқнинг муҳандислик-техник мутахассисларини тайёрлашда кўмаклашиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш;

республика ахборот хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш ҳамда ахборот соҳасидаги хатар ва таҳдидларга қарши ўз вақтида ва муносиб равишда курашиш чораларини кўриш;

Агентлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этиш.

Президент фармони билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилди.

Жамғарма маблағлари қуйидагиларга сарфланади:

давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

китоб мутолааси маданиятини ошириш, ўзбек адабиётини оммалаштириш, ахборот-кутубхона муассасаларининг китоб фондини ривожлантириш, нашриётларнинг ўқув ва адабий материаллари касбий ва бадиий савиясини ошириш бўйича лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш;

хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини тарғиб этиш, ахборот кампанияларини ўтказиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, яратилган қулай шароитлар ва ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиши тўғрисида, аввало, хорижий ишбилармон доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғибот олиб бориш ва уларни кенг хабардор қилиш;

журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа корхоналари ва ахборот-кутубхона муассасалари ходимларини, шу жумладан, мамлакатимиздан ва хориждан мутахассислар жалб этиш, хорижда ўқув стажировкаларини ташкил этиш орқали тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тадбирларини молиялаштириш;

Агентлик, унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларининг ходимларини моддий рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

Агентликка юкланган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари, етакчи халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали ходимларини, шунингдек, жумладан хорижий мутахассисларни маслаҳатчи сифатида жалб этиш бўйича харажатларни қоплаш.