АҚШ ишчи визаси: H-1B 2020 йил мавсуми 1 апрель куни бошланади

20 март куни АҚШ Иммиграция ва Фуқаролик Хизмати (USCIS) 2020 йил учун хорижий ишчиларни расмийлаштириш, яъни H-1B виза бўйича ҳужжатларни қабул қилиш мавсуми бошланганлигини эълон қилди. Ҳужжатлар (Петиция) қатъий равишда 2019-йилнинг 1-апрел кунидан бошлаб қабул қилинади. 1-апрелгача топширилган ҳар қандай H-1B ҳужжатлари қабул қилинмайди ва қайтарилади, деб хабар бермоқда USCIS.

H-1B визаси ноиммиграцион виза бўлиб, камида бакалавр даражасига ёки муқобил иш стажига эга бўлган тор соҳа мутахассисларига АҚШда вақтинчалик ишлаш имконини беради. АҚШда ишлаш истаги бўлган шахслар Америка компанияси билан олдиндан шартнома тузиши, лавозим ва иш ҳақларини белгилаб, керакли ҳужжатларни тайёрлаб ҳар йили 1 апрель куни АҚШ Иммиграция ва Фуқаролик Хизмати (USCIS) га юбориши лозим.

USCIS томонидан ҳар йили хориждан мутахассисларни ишга олиш учун 65000 та бакалавр даражаси учун, 20000 та магистр даражаси учун, жами 85000 та квота ажратади. 2014 йилдан бери аризалар сони 85000 квотадан ошиб кетаётганлиги сабабли лоторея тартибида танлаб олиш жорий этилган. Одатда белгиланган квота 1 ҳафтага бормай тўлиб қолади. Ўтган йили 190098 та ариза топирилган ва лотореядан 85000 таси танлаб олинган.

Бу виза бўйича кўп иш ўринларини ахборот технологиялари ва дастурлаш соҳасида фаолияти юритадиган компаниялар таклиф қилади. Infosys, IBM, Wipro, Cognizant Technology, Microsoft, Google каби компаниялар етакчи ўнталикка киради. H-1B визасига мурожаат қилувчи энг кўп мутахассислар Ҳиндистон фуқаролари ҳисобланади.

Петиция лотареяда танланиб АҚШ Иммиграция ва Фуқаролик Хизмати (USCIS) томонидан маъқулланганидан сўнг хорижий ишчи ўзи яшаб турган давлатдаги АҚШ элчихонасига H-1B визасини олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлади.

H-1B визаси 3 йил муддатга берилади ва кейинчалик уни яна 3 йилга узайтириш мумкин. Ушбу виза эгалари ўзи билан турмуш ўртоғи ва фарзандларини ҳам олиб кетиш ҳамда келгусида доимий резидентлик (Green Card) олиш учун мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.

АҚШда ишлаш ҳақида тўлиқ маълумотларни USCIS сайтидаги вақтинча ишлаш, ҳамда чет эл фуқароларини қисқа муддатга ишга олиш саҳифаларида олишингиз мумкин.