Зиёрат туризми Форумининг иштирокчиларига жойнамоз етказиб беролмай қолишган

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг сайтида “Сайёҳлар нимадан норози?” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолада Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасидаги муаммолар ҳақида тўхталиб ўтилган. Хусусан, тадбиркорларнинг фикрлари келтирилган.
шулардан бири, тадбиркор Азизбек Султонов фикрларини билдириб қуйидаги воқеани айтиб ўтган:

– Хориждан юртимизга келган меҳмон меҳмонхона ёки ижарага олинган манзилдаги милиция бўлимига бориб рўйхатдан ўтиши керак. Бу ҳақда кичик қоғоз берилади. Уни ёнингизда олиб юришингиз керак. Яқинда келган хитойлик сайёҳ дўстларим, бу қоғозни йўқотиб қўйсак, жазоланамизми, уни нима қилиш керак, деган мазмунда турли саволлар беришиб, қоғозни йўқотиб қўйишдан хавотирга тушди. Бу жараён ҳам туристларни юртимизга келмаслиги учун битта сабаб бўлиб қолиши, оддий эътиборсизлик юртимиз шаънига доғ тушириши мумкин. Яқинда ўтказилган Зиёрат туризми форумига хорижлик ҳамкорларимизни олиб бордим. Табиийки уларнинг ҳаммаси мусулмон давлатлардан келган, намоз ўқийди. Ташкилотчилар келган меҳмонларга жойнамоз етказиб бера олмаганига гувоҳ бўлдим. Жуда уятли иш бўлди. 

Mаълумот учун, жорий йилнинг 22-25 февраль кунлари Бухорода Зиёрат туризми бўйича I Халқаро форум ўтказилган. Форумга аксарият мусулмон мамлакатлардан вакиллар ташриф буюрган эди. Мазкур форум Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатнинг халқаро майдондаги зиёрат туризми бўйича мавқеини ошириш мақсадида ўтказилди.

Тадбир Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, “Вақф” хайрия жамғармаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, ISESCO (Таълим, илм-фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти) ва UNWTO (Бутунжаҳон туристик ташкилоти) ҳамкорлигида ташкил этилган эди.