Финландия дунёнинг энг бахтли давлатлари рейтингида етакчи, Ўзбекистон эса 41-ўринда

Ҳар йили 20 март кунида БМТ дунё давлатларининг бахтли яшаш рейтингини эълон қилади.

2016-2018 йилларнинг бугун янги эълон қилинган рейтингида Ўзбекистон энг бахтли давлатлар (World Happiness Report) орасида 41-ўринни эгаллади. Ушбу рейтинг БМТ томонидан барқарор ривожланиш чораларини қидириш мақсадида эълон қилиниб келинади.

20 март – Халқаро бахт куни. Бу кун БМТ томонидан халқаро кун деб эълон қилинган ва дунё бўйлаб нишонланади. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2012 йил 28 июнда, бахтли яшаш ҳар бир инсоннинг ажралмас орзуси эканлиги ва ҳукуматларга бу инсон ҳуқуқини эслатиб туриш учун ташкил қилинган. Зеро, иқтисодий кўрсаткичлар тўлиқ объектив ҳолатни кўрсатавермайди. БМТнинг ушбу Резолюцияси барча 193 аъзо давлатлар томонидан қўллаб қувватланган.

Бу йил эълон қилинган рейтингда 156 та давлат ўрин олган. Кетма-кет иккинчи йилда ҳам Финландия биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Энг бахтли давлатлар ТОП-10 лиги қуйидагича:

• Финляндия
• Дания
• Норвегия
• Исландия
• Нидерландия
• Швейцария
• Швеция
• Янги Зеландия
• Канада
• Австрия

Энг охирги ўринда Жанубий Судан қайд этилган. Ундан бахтлироқ давлатлар сифатида эса Афғонистон, Танзания, Руанда, Яман, Малави, Сурия, Ботсвана и Гаити кўрсатилган.

Рейтинг ушбу давлатларда яшаётган аҳоли орасида ўтказилган сўровномалар асосида шакллантирилади. Бунда бир қанча омиллар инобатга олинади. Жумладан, давлатнинг аҳоли жон бошига йиллик даромади, коррупция даражаси, сайлов эркинлиги, аҳолининг хайрия ишларида иштироки ва келажакка нисбатан салбий ёки ижобий умидлари эътиборга олинади.  

Рейтинг охирги уч йиллик таҳлиллар натижасида тузилади. Бу йилги рейтинг 2016-2018 йиллардаги ҳисоботлар асосида эълон қилинган.

2017 йилда Норвегия, 2016 йилда Дания биринчи ўринни эгаллаган эди.

Бу йилги рейтингда АҚШ 19-ўринни эгаллаган бўлса, Россия 68-ўриндан жой олди.

Қўшни давлатлар рейтингда қуйидагича ўрин олган: Қозоғистон 60, Тожикистон 74, Қирғизистон 86, Туркманистон 87.

Ҳисобот ва рейтинг билан World Happiness Report 2019 саҳифасида
тўлиқ танишишингиз мумкин.