Мираброр Усмонов вафот этди

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг собиқ президенти, сенатор Мираброр Усмонов вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

Мираброр Усмонов ўпка ва нафас йўллари билан боғлиқ хасталик сабабли 12 март куни шифохонага олиб келиниб реанимация бўлимига ётқизилган эди.  Бугун, 15 март куни у ҳаётдан кўз юмди.

Мираброр Зуфарович Усмонов 1947 йил 4 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. 1978 йилда Самарқанд кооператив институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Мираброр Усмонов 1990 йилдан 1992 йилгача — Ўзбекистон Республикаси савдо вазири, 1992 йилдан 1994 йилгача — «Ўзбексавдо» компанияси раиси, 1994 йилдан 2005 йилгача — Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, 2006 йилдан 2017 йилгача – Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти бўлган. 2013 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти сифатида ишлаган. 2005 йилдан буён Олий Мажлис Сенати аъзоси эди.

Мираброр Усмонов 1995 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Мақтов ёрлиғи, 2006 йилда “Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил” эсдалик нишони, 2012 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган. 2017 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Vatandosh.uz таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.