Шерзод Шерматов: “Ўқитувчининг ойлигини 1000 долларга чиқармагунча тўхтамаймиз”

Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Фото: «Дарё»

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, вазирлик масъуллари ва ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Бу ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири – жамиятда ўқитувчилар мавқейини оширишдан иборат бўлди.

Хусусан, 2018 йилнинг 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни белгилаб берди. Ушбу қарор асосида мамлакат тарихида илк бор ўқитувчиларнинг маошлари икки босқичда, яъни 2018 йилнинг 1 сентябрида ва 2019 йилнинг 1 январида оширилди.

Бугунга келиб, ўқитувчилар базавий тариф ставкалар асосида 1 509 255 сўмдан 2 225 865 гача ойлик маоши белгиланди. Бундан ташқари, педагоглар дафтар текшириш ва синф раҳбарлиги учун қўшимча маблағ олмоқда. Бу эса 13 мингдан ортиқ эркак ўқитувчиларнинг мактабга қайтишига сабаб бўлди.

«Давлатимиз раҳбарининг энг биринчи қарори ҳам ўқитувчининг мақомини оширишга қаратилган эди. Вақти келиб, жамиятда ўқитувчининг мавқеи бундан ҳам юксалади. Президентимиз ҳар бир видеоселекторда ўқитувчилар ҳақида албатта гапириб ўътадилар, “Уларнинг ойлигини 1000 долларга чиқармагунча тўхтамаймиз”, деб кўп айтадилар. Насиб қилса, албатта, шу даражага борамиз», дейди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.