Дима Қаюм: Олис ўлкаларда ҳалол меҳнат қилаётган, ўқиётган юртдошларимнинг кайфиятини кўтаришни мақсад қилганман!

Ижтимоий муаммоларни ҳажвий усулда ёритиш ва бу усулда долзарб масалаларга жамоатчилик эътиборини қарата олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.  

Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва жамоатчилик назорати ривожланиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда блогерлар, журналистларнинг фаоллашуви бунга мисол бўлади. Блоггерлар, ижодкорларнинг орасида ўз услубига ва йўналишига эга бўлган блоггер Дима Қаюм ажралиб туради. Риштонда ўз ташаббуси билан деҳқон бозор ҳудудида халқ кутубхонасини очган, ночор оиаларга моддий ёрдам хайрия ишларини ташаббус қилган, вилоятлар бўйлаб китобхонлик тарғиботини бошлаган ҳам ушбу жонкуяр инсон бўлади.

“Ватандош” таҳририяти блоггердан қисқача интервью олди. Келгусида Дима Қаюм замонамизга хос латифалари, ҳангомалари ва мақолаларидан сайтимизда бериб борамиз. 

Ҳозир сўзни Дима Қаюмнинг ўзига берсак.

Фото: Дима Қаюм фейсбук саҳифасидан.

Дима Қаюм:

“Кулгусиз жиддий нарсаларни англаб бўлмайди. Умуман, идрокли бўлишни истаган инсон қарама-қаршиликни фақат қарама-қаршилик ёрдамидагина англаб олиши мумкин!

Ассалому Алайкум!

Танишиб олсак.

Ўзи асл исмим Дилшод. Ар Рошидоний юртиданман, тадбиркорлик билан шуғулланиб бўш вақтларимда Фейсбукка хар ҳил мавзуларда теша тегмаган ҳажвлар, ҳангомалар ёзиб тураман. Ўзбекистондан олис ўлкаларда ҳалол меҳнат қилаётган, ўқиётган юртдошларимнинг кайфиятларини кўтаришни мақсад қилганман.

Ўзбекистон Қаҳрамони деган унвонни сизларга бериш керак аслида. Чунки, юртдан узоқда оила деб аталган муқаддас риштани яхши шароитда яшаши учун, фарзандлар келажагини ўйлаб дунёнинг турли бурчакларида ишламоқдасизлар ватанга ҳазилакам маблағ юбормаяпсизлар…

Қачонлардир кимлардир “Дангасалар” деган бўлса мен ўз номимдан узр сўрайман, сизлар буюк инсонсизлар!

Гоҳи ўйланиб қоламан ва  ўзимни айбдордай ҳис қиламан. Наҳотки ўз юртимизда заводлар фабрикалар оз қурилди, кўплаб юртдошларим эса иш излаб дунёга сочилиб кетди… Шукрким ўзгаришлар замони келди…  Халқнинг онгги, фикрлари, орзу умидлари ўзгармоқда, сўз эркинлигига асталик билан бўлса ҳам эришилмоқда. Бу эса албатта улкан ютуқлар буюк келажакнинг дебочасидир…

Мен Ватандан олисда ишлаётган юртдошларимга таъзим қиламан!  Олис ўлкаларда яшашса ҳам Ўзбеклигини, ўзбек удум ва қадрятларини, динини унутмаган инсонлар деб биламан. Энг аввало оила тарбияли, маънавиятли ватанга муҳаббатли бўлишини, чет элдаги ёшларимиз ўзлигини, Ўзбеклигини унутмай Ўзбекман деб қўрқмай баралла айтишини хоҳлайман ва умид қиламан.

Дунёни бошқарган Амир Темур, Хоразмий, Беруний авлодлари эканидан фахрланиб юришларини, дунёнинг энг зўр олийгоҳларида ўқиб, ишлаб Ўзбекистон номини ўзбеклар номини дунёга танитишларини орзу қилиб қоламан! Аллоҳ ҳаммаларингни ўз паноҳида асрасин! Танишганимдан хурсандман!

Ҳажвияларим сизлар учун дунё ўзбеклари, ватандошларим!!!”

***

– Дадаси 15 йилдан бери АҚШга борасиз келасиз бўлдида энди, топганингиз 2 та болангизга етадида.

– Эх хотин, албатта 2 та боламизга етади, лекин, мени яна иккита болам борда у ерда, уларни ҳам тинчитиб олай кейин сен мени “тинчитасан!” 🙂

***

– Ҳой полициячи, беш дақиқа аввал талончи келиб қўлимдан тилла соатимни ечиб олиб қочишди!

– Нега дарров ёрдамга чақирмадингиз?

– Оғзимни очишга қўрқдим, чунки тўртта тишим тилло эди. 🙂

***

Икки ковбой Техас чўлларида кетиб боришяпти. Бири иккинчисига деди:

– Ана қара, қўлга тушмас Жонс кетаяпти!

– У нега қўлга тушмас бўларкан?

– У кимгаям керак ўзи? 🙂

***

Иккита ўғри учрашиб қолишди. Бири иккинчисидан сўради:

– Банк ёпилгунга қадар юз доллар қарз бериб турмайсанми?

***

Назоратчи:

– Кечирасиз, сизни чиптангиз Нью-Йорк тезюрар поездига экан.

Қиз деди: -Аҳамияти йўқ, мен Аризонага кетаяпман, лекин, ҳеч қаёққа шошаётганим йўқ. 🙂