Клинтон ва Зарафшон шаҳарлари биродар шаҳар бўлиши мумкин

АҚШнинг Клинтон шаҳри ва Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ўртасида биродарлашган шаҳарлар тўғрисида келишув имзоланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар тарқатди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ж. Ваҳобов Навоий вилояти ҳокими билан ўтказилган видеоконференцалоқада маълум қилди.

Мазкур мулоқот жорий йил 8 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда берилган ҳудудларда хорижий инвестицияларнинг ўз вақтида самарали ўзлаштирилишини таъминлаш борасида янги назорат тизими жорий этиш, ҳар ҳафтанинг чоршанба кунини “Инвесторлар куни” сифатида белгилаш топшириғи ижроси доирасида ўтказилди.

Ж. Ваҳобовнинг айтишича, 15-16 май кунлари АҚШ ишбилармон доира вакиллари билан ўтказиладиган форумда 100 дан ортиқ тадбиркорлар қатнашиш истагида эканлигини билдирган.

Шунингдек, ўтказилган мулоқотларда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи доирасида маъқулланган хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликдаги инвестицион лойиҳаларнинг ижроси таъминланиши, юзага келаётган жиҳатлар ва уларнинг ечими муҳокама ҳам қилинди.

Хусусан, “US Inc.” компанияси (АҚШ)нинг Навоий шаҳрида тиббий тез ёрдам маркази, диагностик марказ ҳамда клиника барпо этиш лойиҳаси бўйича корхона таъсисчилари томонидан жорий йил 15-16 май кунлари корхонага ажратилган ер майдонида қурилиш ишларини бошлаб, тамал тоши қўйиш маросими амалга оширилишини, “Calatrava grace corporation” томонидан арзон уй-жойлар қурилиши учун моноблоклар ишлаб чиқариш заводи қурилиши лойиҳаси бўйича ҳам 15-16 май кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида инвестицион келишув имзоланиши кутилаётганлиги ва мазкур форумга 100 нафардан зиёд америкалик ишбилармонлар келмоқчи эканлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон томонидан улар билан ҳамкорлик қиладиган корхоналар рўйхатини шакллантириш ҳамда B2B-учрашувларни ташкил этишга келишиб олинди.