Ўзбекистон ва Германия: ҳамкорликнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 27 май куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 28 май куни Кўксарой қароргоҳида бўлди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Франк-Вальтер Штайнмайер тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди.

Ўзбекистон ва Германия Президентларининг музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. 

Ахборот алмашиш ва уни ҳимоя қилиш, парник газлари чиқарилишини камайтириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш, «Volkswagen» компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш тўғрисида ва бошқа ҳужжатлар имзоланди. Президентимиз ушбу келишувлар, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан Германиянинг “Integra GmbH” ва “Vamed Engineering GmbH” компаниялари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида Ядровий тиббиёт ва нурли терапия марказини ташкил этиш бўйича битим халқимиз учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

president.uz

Оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда Президентлар музокаралар анъанавий дўстлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида ўтгани, муҳим келишувларга эришилганини қайд этди.

– Жорий йил январь ойида Берлин шаҳрида ўтган учрашувимизнинг мантиқий давоми бўлган бугунги музокаралар натижаларидан тўла мамнунман, – деди Шавкат Мирзиёев. – Икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишлари – сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларга доир масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, келгуси устувор йўналишлар ва вазифалар белгилаб олинди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Германия сармояси иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 160 тадан ошди. Шундан 42 та фирма ва компания тўлалигича хориж капитали ҳисобига тузилган. 2018 йилда ўзаротовар айирбошлаш ҳажми 25 фоиз ўсиб, 770 миллион доллардан зиёдни ташкил этди.

Жорий йил январь ойидаги ташриф чоғида эришилган келишувлар натижасида Германия компанияларининг Ўзбекистон билан инвестицивий ҳамкорликка қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланди. Айни пайтда мамлакатимизда дунёга машҳур Германия компаниялари билан ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, «MAN” компанияси билан замонавий юк автомобиллари, “Claas” ва “Lemken” компаниялари билан қишлоқ хўжалиги техникаси, “Knauf” билан қурилиш материаллари, “Deutsche Kabel” билан кабель-ўтказгич маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Германиялик мутахассислар иштирокида “Қарши – Термиз” темир йўли электрлаштирилмоқда.

Туризм соҳасида ҳам алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. Кейинги йилларда Германиядан юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар сони 4 баробар ошиб, 2018 йилда 20 минг кишига етди. Жорий йил 15 январдан Германия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилгани немис сайёҳлари сонини янада кўпайтиришга туртки беради.

Германия Президенти Тошкентдаги Гёте институтида бўлиб, Йоҳанн Вольфганг Гёте ҳайкалининг очилиш маросимида қатнашди.

ГФР Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.