Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов вафот этди

Ортиқ Отажонов 1947 йил 30 январь куни Хоразм вилояти Боғот туманида туғилган. Ўзбекистон (1991 й.), Туркманистон ва Қорақалпоғистон (1993 й.) халқ артисти. Урганч мусиқа билим юртини (рубоб синфи бўйича, 1967 й.) ва Тошкент маданият институти (1980 й.)ни тугатган. 

Миллий ашулачилик йўлларини Комилжон Отаниёзов, шунингдек, А.Отажонов, М.Мирзаев, Г.Раҳимова, О.Иброҳимов ва С.Собировлардан ўрганган. Ўзбек давлат филармонияси, “Лазги” ансамблида хонанда (1968-81 йиллар), “Лазги” ансамблининг бадиий раҳбари бўлган. 

Репертуаридан Хоразм мумтоз ашулалари (Феруз I, II, савтлари билан ”Чапандози Сувора”, “Хоразм Дугоҳи” ва бошқа),  куйларини ўзи басталаган асарлар (“Зеболаниб келибсиз”, “Она диёрим”, “Хоразм фарзандиман”, “Орол дарди”, “Сенинг кулишларинг”, “Ибияй”, “Бошқача” ва бошқа), шунингдек, афғон, туркман, озарбайжон, рус, араб қўшиқлари ўрин олган. Ижролари 2 грампластинка, Ўзбекистон радиоси фонотекасига ёзилган.

Таҳририятимиз ва ватандошлар номидан марҳум санъаткорнинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдириб қоламиз.