“ҚРИМ САЙЛАНМАСИ” ТАҚДИМОТИ

Қрим татарлари депортация қилинганининг 75 йиллиги (1944 йил 18 май) арафасида Москвада таниқли ўзбек адиби Темур Пўлатовнинг Қрим мавзусидаги асарлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Москва Хорижий тиллар институти Халқлар дўстлиги университети билан ҳамкорликда ташкил этган мазкур тадбирда Қрим-татар жамоаси намоёндалари, таниқли адабиётчилар иштирок этишди. Темур Пўлатов асарлари тадқиқотчиси проф. Элеонора Шафранская ҳамда хорижий тиллар институти ректори, Кембриж университети профессори Эмма Володарская ёзувчи ўзининг бутун иқтидори билан жафокаш халқ қисматига чин юракдан ҳамдард бўла олганини таъкидлашди.

Шунингдек, “Қримона” асарлари билан Темур Пўлатов бу халқ тарихидан, қримтатар адабиётидан мустаҳкам ўрин олиб улгургани эътироф этилди. “Қрим сайланмаси” китобидан адибнинг уч асари – атоқли қримтатар арбоби Нўъмон Чалабижаҳоннинг сўнгги кунларидан ҳикоя қилувчи “Қолдир ўлимни доғда” қиссаси; адолат курашчиси, халқ ичида “Қрим ёлқини” дея таърифланган Мусо Мамутнинг ҳаёт ва мамоти тараннум этилган “Бир қайтиш тарихи” ҳамда узоқ қувғиндан сўнг Ватанга қайтиш машаққатларидан сўз юритилган “Жаннатдан қувилиш” романи ўрин олган.