Ўзбекистон адлия ва суд тизими ходимлари АҚШда малака ошириб қайтишди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва суд тизими масъул ходимлари АҚШда адлия ва суд-ҳуқуқ тизими бўйича малака ошириб қайтишди. Ушбу ўқув дастури АҚШ Давлат департаменти кўмаги асосида “Минтақавий мулоқот” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси орқали амалга оширилди. Ўқув дастури давомида Ўзбекистон вакиллари АҚШ Давлат департаменти, Олий суди, Давлат ҳимоячилари хизмати, Федерал суд маркази, Жаҳон банки каби йирик давлат ва нодавлат ташкилотларида бўлиб, малака оширишди.

Ушбу дастурдан кўзланган асосий мақсад адлия ва суд-ҳуқуқ тизими соҳасида АҚШ тажрибасини ўрганиш ва уни Ўзбекистон қонунчилигида қўллаш масалаларини амалга оширишга кўмаклашиш ҳисобланади.

“АҚШдаги Давлат ҳимоячилари хизмати фаолияти менда катта таассурот қолдирди. Ушбу хизматнинг тезкорлигини, судда аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қисмига кўрсатиладиган хизматлар таҳсинга сазовор эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўзи учун асосий шиор белгилаб олган: “Фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак”. Шундай экан, адлия тизимидаги барча ходимларнинг хатти-ҳаракатлари халқ розилигига эришиш, халқнинг муаммоларини тинглаш ва ҳал қилишга кўмаклашишдан иборат”, – дейди Адлия вазирлигининг бошқарма бошлиғи Зикрулло Махмудов.

Ўзбекистонлик мутахассиснинг маълумотларига кўра 2018 йилдан бошлаб Адлия вазирлиги тизимида мунтазам равишда ҳудудларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган “Адлия сайли” номли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Ушбу тадбирлар аҳолининг гавжум жойлари, истироҳат боғлари, паркларида ўтказилиб, уларда аҳолига, шу жумладан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга адлия органларининг ходимлари, нотариуслар ва адвокатлар томонидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, кўплаб мурожаатлар жойида ҳал қилинмоқда.

Шу нуқтаи назардан қараганда АҚШдаги Давлат ҳимоячилари хизматининг фаолияти Ўзбекистонда адлия органлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматларда намоён бўлмоқда, дейиш мумкин.