Блоггер Дима Қаюм депутатликка номзодини қўймоқда

Дима Қаюм тахаллуси билан машҳур Риштонлик блоггер Дилшод Болтабоев халқ вакили депутатликка сайловда иштирок этиш учун ўз номзодини қўйган. Риштон туманида яшовчи, печкачи сифатида ҳам таниш блоггер ўзининг ҳазиломуз, аччиқ киноялари постлари орқали халқ дарди, ижтимоий муаммолар, қишлоқ ҳаётини ёритиб келади. Куни кеч Дилшод Болтабоев Фейсбукдаги саҳифасида қолдирган постида қуйидаги фикрларини билдирди:

“Депутатлик учун номзодимни қўйган эдим…
Худо хоҳласа Риштон Халқи ишонч билдирса мақсадим улкан!
Кечагина партиянинг Риштон тумани раҳбари билан яна учрашганимда ҳужжатларимни вилоят партия раҳбарларига жўнатишганини айтишди…
Туманимизда кирмаган кўчам, кирмаган уйим қолмади. Албатта, Халқнинг ёрдами ва ишончи билан!
Дуо қилсаларинг зора тумандошларимни ишонтира олсам ва уларни рози қилолсам…!
Кўп орзу ниятлар бор Халқ учун!
Кўчалар шоғолланди…
Кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди…
Боқиш учун товуқлар берилди…
Кўплар АМАЛДА ишлар қилинди…
Ният холис…
Яна бир гап шахсан Халқ шоиримиз Иқбол Мирзо ишончли вакил бўламан, деб дуо қилишди!
Раҳмат!”

Фото: Дима Қаюм фейсбук саҳифасидан

Ўзбекистонда аввал ҳам фаол блоггерлар депутатлик сайловларига номзодини қўйиб, сайловда қатнашган. Хусусан, ҳуқуқий муаммоларни ёритадиган ёки муаммоларнинг ҳуқуқий ечими ҳақида кучли мақолалар ёзиб келадиган ҳуқуқшунос блоггер Хушнудбек Худойбердиев ҳам 25 ёшида 2014 йил 15 ноябрь кунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 119-Чироқчи сайлов округидан номзод сифатида рўйхатдан ўтган.
Унинг номзодини “Адолат” социал-демократик партияси кўрсатган эди. Лекин, сайловда ютолмаган.

Умуман, блоггерларнинг халқ вакили сифатида вакиллик органларига сайланиши ижобий ҳолатдир. Бу депутатларнинг халққа янада яқинроқ бўлиши, муаммоларни янада яхшироқ кўтарилишида ва ҳал этилишида катта роль ўйнайди.

Жамиятда демократик ва эркинлаштириш жараёнларнинг тезлашишида блоггернинг депутатга айланиши ва аксинча депутатнинг блоггерга айланиши ўзига хос ижобий омил бўлади.

“Vatandosh” таҳририяти ҳамкоримиз ҳисобланган блоггер Дилшод Болтабоев (Дима Қаюм) га сайловларда мувоффақият тилаб қолади.