Қирғизистондаги можаро бўйича элчиларга ноталар берилди

Туркиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Женгиз Комил Фирот Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Бу ҳақда Knews хабар бермоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги турк элчисига 5 июнь куни Чуй вилояти Орок қишлоғига боргани сабабли нота топширган. Нотада таъкидланишича, дипломатнинг можаро рўй берган қишлоққа ташриф қилиши маҳаллий аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқарган.

Вазирлик элчини мамлакат ички ишларига аралашмаслик, вазминлик ва миллий қонунчиликка ҳурмат билан қарашга чақирган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг бу ҳаракатига нисбатан Анқара ўз элчиси билан боғлиқ вазият юзасидан Бишкекка нота билан жавоб қайтарди. Бу ҳақда «Анадолу» агентлиги хабар тарқатган.

Агентлик маълумотига кўра, 7 июнь куни Қирғизистон элчиси Кубаничбек Ўмуралиев Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Нота вазирнинг ёрдамчиси Седат Ўнал томонидан элчига топширилган. Туркия томонининг айтишича элчи ўз вазифаларини бажарган ва Қирғизистоннинг ички ишларига аралашмаган.

Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Женгиз Комил Фирот Орок қишлоғига келишb сабабини сўраган журналистларга “Ўша қишлоқда элчихона ходимаси Ҳайит байрами муносабати билан қариндошлариникига келиб, можаро бошлангандан кейин олиб кетишлари учун ёрдам сўраб элчига хабар берганлиги сабабли уни олиб кетишга келганман”, деб тушунтирган.

Туркия элчиси Женгиз Фирот

Ушбу можаронинг келиб чиқиш сабаби 5 июнь куни Қирғизистоннинг Чуй вилояти Сокулук тумани Орок қишлоғида ҳайит намозидан кейин қирғиз ва турк ўсмирлари ўртасида жанжал чиқиб, муштлашувга айланиб кетган. Ва қирғиз ўсмир касалхонага тушган. Муштлашувдан сўнг, касалхонага тушган ўсмирнинг қариндошлари, маҳаллий аҳоли йиғилиб, йигитларнинг оилаларини кўчириб юборишни талаб қилган ва қишлоқда тартибсизлик чиқаришган. Турклар яшайдиган уйларга ҳужум қила бошлаган. Хусусан,  хўжалик иншоотлари, пичан ёқиб юборилган, уйларнинг деразалари, автомашиналар ойналари синдирилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Орок қишлоғида тартибсизликлар келтириб чиқарганларни вақтинчалик ушлаб кетган. Ҳозирда 31 нафардан 24 нафари қўйиб юборилган. Правакацион тартибсизлик чиқарганлар нисбатан “безорилик” бўйича иш очилган. Қишлоқда ички ишлар ходимлари патруллик қилмоқда ва аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, деб хабар бераяпти knews.kg ахборот сайти.
Шунингдек, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ушбу безориликни “миллатлараро можаро” деб баҳо бермасликка чақирган.

Kaktus media блоггерининг видеотасвири