Олий таълим муассасаларининг ўқитувчи, мураббий ва илмий ходимлари учун арзон уйлар қурилади

“Ҳуқуқий ахборот” канали Ҳукуматнинг ушбу қарори ҳақида хабар берди.

Унга кўра Ҳукуматнинг тегишли ҳужжати билан Тошкент шаҳар, Олмазор тумани Талабалар шаҳарчасида Олий таълим муассасаларининг ўқитувчи, мураббий ва илмий ходимларига 2019–2020 йилларда 6 та 9 қаватли арзон уйлар қурилиши белгиланган.

Мазкур уйлар учун “Ипотека-банк” АТИБ томонидан қуйидаги шартларда ипотека кредити ажратилади:

  • кредит муддати 20 йил, бошланғич бадал 25 фоиз ва имтиёзли давр 1 йил;
  • кредитнинг биринчи 5 йилида бошланғич 7 фоиз ставкасидан (банкларнинг 2 фоиз маржасини ҳисобга олган ҳолда) қайта молиялаштириш ставкасига етгунгача ҳар йили босқичма-босқич пропорционал ошириб бориладиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.