Шимолий Дакотада асли ўзбекистонлик йигит “жодугар”ни ўлдирмоқчи бўлганини тан олди

21 ёшли Aкмал Рашидович Aзизов Шимолий Дакота университетида ўқийдиган талаба аёлга ҳужум қилиш ва уни ўлдириш режаси билан 2018 йил сентябр ойида тақиб қилиб юрган. Хабарларга кўра, у аёлнинг ёвуз жодугар эканига ишонч ҳосил қилганидан кейин ҳужум қилганини тан олган.

“Гранд Форкс Ҳералд” хабарига кўра, Aзизов онлайн дўкондан антиквар кумуш чўнтак пичоғини сотиб олган, кумуш пичоқ “жодугар”ни ўлдиришнинг ягона воситаси деб ўйлаган ва бу ҳақда интернетдан ўқиб ўрганган.

Ўрта мактабнинг намунали битирувчиси бўлган 21 ёшли Aзизов жодугарни ўлдириш режасини амалга ошириш учун аёлни квартирасига кузатиб борган. Лекин, “асабини бузилганини” ва ўша пайт аёлга ҳужум қилмаганини, аммо кейин орқасига қайтиб, аёлга ҳужум қилганини айтган.

Ҳуқуқ идораси расмийларининг айтишича Азизов аёлнинг автомошинасининг ойнасини скейтборди билан уриб синдирган ва аёлни ташқарига чиқишга мажбур қилган, аёл ташқарига чиққанида унинг орқасидан ҳужум қилиб томоқ қисмига бир неча марта пичоқ билан урган. Бир неча тан жароҳати олган аёл қўшнисининг квартирасига қочиб кирган.

Аёл жароҳат олганига қарамай, ҳаётини қутқариб қолган. Полиция келганида Азизов ўзи таслим бўлган ва айбини тан олган.

Ҳералд хабарига кўра, душанба куни Aзизов қотиллик суиқасд қилганини ва жиноятда айбдорлигини тан олди. Дастлаб унга терроризм айбловлари қўйилган эди, аммо бу айблов илтимоснома битими доирасида бекор қилинган.

Aзизовнинг адвокатининг гапига кўра, Азизов шизофрения касаллигига чалинган. У Aмерика фуқароси эмас, дея хабар беради Ҳералд нашри. Aзизовга белгиланган жазо муддати тугаши билан у Ўзбекистонга депортация қилиниши эҳтимоли бор.

Суд айбдор деб топган натурлизация қилмаган (AҚШ фуқаролигини олмаган) қонуний иммигрантлар ва ҳужжатсиз муҳожирлар депортация қилиниши белгиланган.

Хабарларга кўра, Азизов камида 4 йил ёки 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ва жазосини ўташ учун жўнатилиши мумкин. Суд 12 ноябрь кунига белгиланган.