Одамийликни унутаётган одамзод

«Одамлар, инсонпарвар бўлинг! Бу — Сизнинг бурчингиз!»

Жан Жак Руссо

Инсоният ўзи белгилаган ҳисоб китобга кўра XXI асрда яшаяпди. Инсонни яшаш дастурининг коди шундай ёзилганки, гўё у доим ўзига яхши яшаш учун шароит яратишда ёки изланишда бўлади.

Инсон инсонлар билан жамиятга бирлашгиси, жамоа бўлиб яшашига тўғри келади. Бу хоҳиш истакдан ё заруратдан рўй беради.
Лекин, шу билан бирга инсоннинг ҳаётдаги энг катта хавфни ҳам шу инсондан кўради. Яъни, инсон инсондан хавфсираб, қўрқиб яшайди.

Бир хил яратилмиш, яралмиш жонзод бир – бирини камситади, сиғдирмайди, қиради, ўлдиради.

Инсон ақлли мавжудот, у фикрлайдиган махлуқ. Инсоннинг шу жиҳати уни якка идентификациясини, ўзига хослигини, ўхшаши йўқлигини белгилайди. Шу билан бирга инсонлар ҳам ҳар хил. Одамлар Худога, Яратувчига ишониши ёки ишонмаслиги, дини, сиёсий қарашлари, ҳуқуқий онги, билими, одоб-ахлоқи турли хил, савияси ҳар хилдир. Ҳар хиллик бор жойда фаровон, бахтли яшашнинг ягона чораси бу – келишув ёки энг камида ҳар хилликка, ўзига ўхшамаслигига, бошқача фикрлашларига сабр қилиш, чидаш маданиятига амал қилишдир.

Акс ҳолда, юракда қўрқув, ҳадик билан ёки зулм қилиш билан яшашига тўғри келади.

Бугун инсониятга ҳар қачонгидан кўра ўзаро шафқатли бўлиши, сабрли бўлиши зарур.

Сабаби, қачонлардир минглаб чақиримга пиёда борган одамзод бугун бир неча соатда Ер шарини нариги бурчагига бораяпти. Марсга уй қурмоқчи бўлаяпти. Бир пайтлар ёзган хати ойлаб вақт ўтгандан кейин манзилига етиб борган бўлса, бугун интернет орқали сонияда ўз манзилига етиб бормоқда. Ҳозирга келиб Ер гўёки кичкина ва тордек, вақт ва масофалар қисқадек бўлиб қолди.

Аслида Ернинг ўлчами ҳам, вақт ҳам ўзгаргани йўқ. Аксинча, инсониятнинг кўнгли торайиб, меҳр-шафқати камайиб бораётганга ўхшайди. Ўртача 60-70 йил умр кўрадиган инсонлар бир-биридан кенг дунёни қизғанади. Худбинлик қилади. Ўхшаш томонлари, фикрларида бирлашиш ўрнига фарқли томонлари, зиддиятли қарашларида тортишиб яшашга ўзини мажбурлайди, шунга ғайрат қилади. Бу нимадан бўлиши мумкин? Ички нафрат, ёмон нафснинг васвасасиданми.

Инсоннинг яхши кўриш, ҳурмат қилиш, шафқатли бўлиш, сахийлик қилиш каби фазилатлари ёмон фазилатларга енгилгандек туюлади.

Бугун дунёнинг турли минтақларида кўраётганимиз қотиллик, хунрезликлар, ваҳшийликлар бу инсонийликдан чиқиб йирқич махлуқ хусусиятининг устунлик қилишидир.

Узоқ тарихга бориб мисол қидирмайлик, шу кунларимизга қарайлик, ғарбда фаоллашган исломофобия, ксенофобия, ирқчилик оқибатида камситишлар, қотиллик ва террорлар юз бериб турибди.

Хитойда бутун бир миллат ва дин вакилларининг давлат ҳукмрон партияси томонидан репрессия қилиниши, Мянмарда мусулмон роҳингияларига нисбатан қилинган даҳшатли қонли қирғинлар. Турли давлатларда мигрантларга нисбатан ноинсоний муносабатларнинг содир бўлаётганлиги. Уруш ҳудудларида қочоқларнинг кўпайиши шу кунларда кўз ўнгимизда юз бериб турибди.

Биргина Туркиянинг ўзида 3,5 миллиондан ортиқ Суриялик, Ироқлик қочоқлар ватанидаги сиёсий, диний урушдан қочиб жон сақламоқда.

Қочоқлар тинч жой излаб…

Хитой ҳукуматининг Шарқий Туркистондаги репрессияси остида миллиондан ортиқ асосан туркий миллат вакиллари, хусусан маҳаллий уйғурлар, мусулмонлар, ҳатто бошқа дин вакиллари мажбурий қайта тарбиялаш лагерларида эрки ва ҳуқуқига зид равишда сақланмоқда.

Хитой концентрацион лагеридаги мазлумлар

Европа, Россия ҳудудларига иш ва яшаш учун борган мигрантларга бўлаётган тоқатсизлик ва айирмачилик кайфияти оқибатидаги жиноятлар камайгани йўқ.

XXI асрни миграция-кўчманчилик асри деб номласа ҳам бўлади. Фан-техника тараққиёти Ер шарини бир умумий хонадонга айлантириб қўйди. Инсонлар бугун кўпроқ кўчаяпди. Яшаш, ишлаш, янги ҳаёт бошлаш, синовлар ва ўзгаришлар қилишни хоҳлаяпди.

Бунинг оқибатида янги ғоялар, кашфиётлар пайдо бўлаяпди. Турли минтақа, иқлим, ирқ, диндаги инсонларнинг ўзига хос янги жамиятлари – ҳамфикр, келишиб яшайдиган шакллари пайдо бўлмоқда.

Инсоннинг юрагида, қалбида, онгида, аслида яхшилик, эзгулик ўрнашган бўлади. Фақат уни юзага чиқара олиш керак. Ёвузлик ва ваҳшийликка йўл бермаслик керак. Бугун инсонга инсонлигини эслатадиган, одамийлигимизни кўпроқ эсга оладиган вақт ва шароитдамиз.

Абдуллоҳ Қувондиқ