Интерактив консуллик хизматлари портали ишга тушди!

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бу янгилик ҳақида қуйидагича расмий хабар берди.

“Чет элда вақтинча бўлиб турган ёки доимий истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган Республика раҳбарияти томонидан қўйилган вазифаларни амалга ошириш доирасида Tашқи ишлар вазирлиги томонидан консуллик фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани ҳамда янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш бўйича дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари имкониятини такомиллаштириш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2020-йил 10-февралдан “Хорижда бўлган (бўлиб турган) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг консуллик рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” кучга кирди (Aдлия вазирлигида 3218-рақам билан рўйхатдан ўтказилган).

Ушбу Йўриқномага мувофиқ, чет элда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида доимий ёки вақтинча консуллик ҳисобидан ўтиш учун consulate.mfa.uz веб-портали орқали масофадан интерактив консуллик хизматидан фойдаланишлари мумкин. Aйни пайтда ушбу интернет-ресурс синов режимида ишга туширилган.

Вақтинчалик ва доимий консуллик ҳисобига олиш бўйича интерактив хизмат дастурий тизими техник синовдан ўтказилгандан кейин қисқа вақт ичида ўрнатилади ва йўлга қўйилади.

Шунингдек, вазирлик бошқа консуллик хизматларини босқичма-босқич интерактив асосга ўтказиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақида ҳамюртларимизга ўз вақтида маълум қилинади.”