Ўзбек ва турк халқларининг илдизи бир, маънавияти муштарак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 19-20 февраль кунлари ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. 

Анқара шаҳрида 19 февраль куни Олий даражадаги Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Бу кенгаш икки томонлама муносабатлар тарихида янги мулоқот форматидир. У 2018 йили давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотига мувофиқ тузилган. 

Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамраислигида олиб боради. Сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, маданият, таълим, фан ва техника, инновациялар, соғлиқни сақлаш ва бошқа ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини белгилайди. 

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраислари эришилган натижалар тўғрисида мазкур кенгашга доимий ахборот киритиб боради. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ва Туркия ташқи ишлар вазирлиги кенгашнинг мувофиқлаштирувчи органлари ҳисобланади. 

Ўзбекистон билан Туркия ҳамкорлиги, айниқса, охирги уч йилда анча жонланди. Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрда Туркияга ҳамда Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йил апрелда Ўзбекистонга давлат ташрифлари ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, самарали ҳамкорликка кенг йўл очди.

Изчил мулоқотлар ва муштарак интилишлар натижаси ҳамкорлик ривожида яққол намоён бўлмоқда. Масалан, 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми салкам 1,2 миллиард АҚШ доллари бўлган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 2,5 миллиард доллардан ошди. Бугунги кунда юртимизда Туркия инвестицияси иштирокида 1300 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда.  500 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Шунингдек, иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистон Президенти ташрифидан мамнун эканини билдирди. 

– Илмлари, ижодлари билан дунёга эзгулик улашган Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Али Қушчи, Алишер Навоий каби буюкларимиз тупроқларидан салом келтирган бу инсонларнинг ташрифи биз учун жуда азиз ва қадрлидир. Ўзбекистон билан муносабатларимиз мустаҳкам қардошлик ришталарига таянган ҳолда стратегик шериклик даражасига кўтарилганини эътироф этамиз, – деди Туркия Президенти.

Шавкат Мирзиёев Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Режеп Таййип Эрдоғанни Ўзбекистонга таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди. 

Ушбу мажмуа Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан бунёд этилган. Маҳобатли кутубхона китоб фонди (4 миллион босма нашр ва 120 миллиондан зиёд электрон файл) ҳамда хизмат даражаси бўйича дунёдаги энг улканларидан биридир. Ушбу маънавий бойлик маскани Президент қароргоҳи – Жумҳурбашканлиги саройи ёнида қурилгани ҳам унинг аҳамиятини кўрсатади.

Очилиш маросимида бутун дунёдан икки мингга яқин меҳмон – олимлар, ёзувчилар, таълим ва маданият намояндалари, давлат ва жамоат арбоблари қатнашди. Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти томонидан таклиф этилган олий даражадаги ягона меҳмон бўлди.

Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Ноёб китоблар кўргазмаси намойиш этилди. Туркия Президенти давлатимиз раҳбарига шундай нодир асарлардан бирини совға қилди.

Туркия Президенти ушбу қувончли айёмда Ўзбекистон Президенти рафиқаси билан бирга иштирок этаётгани учун ташаккур изҳор этди. 

– Ўзбекистон биз учун маданий тасаввуримизни шакллантирган, олимларни етиштирган, илм, ирфон ва маънавий дунёмизни таъминлаган ҳаётий манбаларимиздан энг муҳимидир, – деди Режеп Таййип Эрдоған.

Шавкат Мирзиёев дунёда ўта ноёб бўлган “Усмон Мусҳафи”нинг хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур “Маснавий” асари ҳамда Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асари қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом, Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” деб номланган китобларни кутубхонага туҳфа қилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи шу билан якунланди. Давлатимиз раҳбарини «Эсонбуға» аэропортида Президент Режеп Таййип Эрдоған кузатиб қўйди.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизматининг
хабарлари асосида тайёрланди.