Ўзбекистон ва АҚШ қўшма ҳарбий машқлар ўтказди

Шу йилнинг 24 февралидан 2 мартига қадар Миллий гвардия Ўзбекистоннинг бошқа хавфсизлик кучлари ҳамкорлигида АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги билан хавфсизлик бўйича ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ўзаро мувофиқликни ошириш мақсадида инқирозга қарши қўшма машқлар ўтказди.

Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Ўзбек ва америкалик ҳарбий хизматчилар дала-ўқув полигонлари ва Ўзбекистон ҳукумати рухсат берган  бошқа объектларда “Енгилмас соқчи – 2020” номли ўқув машқларида иштирок этди. Айрим америкалик ҳарбийлар Флорида штати Тампа шаҳридаги “МакДилл” авибазасида масофадан туриб  ушбу машғулотларда қатнашди.

“Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлигимиз ўзаро ҳурмат ва муштарак манфаатларга асослангандир”, – деди элчи Даниэл Розенблюм. “Енгилмас соқчи” машқлари каби ўқув дастурлари ва қўшма жавоб машқлари бизнинг Ўзбекистон билан хавфсизлик соҳасидаги  ҳамкорлигимиз чуқур ва кенглигини кўрсатади”.

“Енгилмас соқчи” ҳарбий машқлари ҳар икки мамлакат хавфсизлик кучлари учун нотаниш муаммоларга дуч келганда  тезкорликни ошириш  ва ҳарбийларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга имкон берди. “Енгилмас соқчи” каби  қўшма ҳарбий машғулот зарур бўлганда биргаликда ҳаракат қилиш  учун ҳамкор давлат ҳарбий хизматчиларини  тайёрлашда ажойиб усул ҳисобланади. Америкалик ҳарбийлар АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги масъул бўлган ҳудудларда ҳамкор давлатлар билан ҳар йили 80 дан ортиқ машғулотларда иштирок этади.