ҚОРАБОҒ – ОЗАРБАЙЖОНДИР!

(Давоми.)
I-Бўлимни ўқиш.
II-Бўлимни ўқиш.

III-Бўлим.

Тоғли Қорабоғ мажораси бўйича ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги 1994 йил 12 майда имзоланган «Бишкек баённомаси»га кўра яқин вақт ичида томонлар халқаро ҳамжамият воситачилигида «Тинчлик ҳақида катта келишув» имзолаши лозим эди. Аммо, ҳалигача бир ечимга келинмади.

Уруш садолари остида тинчлик сари интилиш

Ҳар қандай қуролли этно-ҳудудий можаро сингари, Тоғли Қорабоғда қарор топган вазият ҳам одамлар психикасига салбий таъсир ўтказиб, шахслараро муносабатларга путур етказди, одамлар хулқининг белгиланган қоидалари бузилишига олиб келди, халқлар орасида асрлар оша шаклланиб келган ўзаро ҳамкорлик мажмуини йўққа чиқарди.

Минтақада эришилган умумий осойишталик соясида, гўёки уруш тугагандек кўринсада, стратегик аҳамиятга эга бўлмаган, аммо мунтазам давом этиб турадиган кичик тўқнашув ва отишмалар юзага чиқиши билан бирга, «на тинчлик, на уруш» ҳолати ҳам юзага келган эди. Бу ҳолат 2016 йилнинг апрелида вазият ниҳоятда кескинлашувига қадар давом этди.

Тоғли Қорабоғда жойлашган айирмачи гуруҳлар 2016 йил 2 апрел куни қўшинларни ажратиб турган чизиқ яқинида озарбайжонлар зич яшайдиган ҳудудларни, шу жумладан мактаблар, шифохоналар, масжидларни тўпга тутиб, машҳур апрел воқеалари юз беришига сабабчи бўлишди.

Ганжа шаҳри. 2020 йил октябрь.
Арман қўшинлари томонидан аҳоли уйларига отилган ракета.

Айирмачиларнинг масъулиятсизлик билан қилинган ҳужуми оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 33 киши жароҳатланди, улар орасида болалар ҳам бор эди. Бу ҳаракатларни амалга оширган жангариларга қарши Озарбайжон қуролли кучлари уларнинг қилмишига яраша зарба берди ва 4 кун давом этган қарши ҳужум натижасида армани айирмачи жангарилари томонидан илгари босиб олинган ҳудудларнинг 2 минг гектарини стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Лалетепа тепалигини эгаллашга муваффақ бўлди. 1993 йилда, Қорабоғ урушида ушбу ҳудудлар айирмачи қуролли тузилмалар томонидан босиб олинган эди.

Озарбайжоннинг алоҳида умумқўшин армиясининг махсус топшириқларни бажарувчи қўшинлари 2018 йил 6-7-июн кунлари Нахчивондан чегара яқинидаги нейтрал зона бўйлаб олға силжиб, янги тепаликларни, шу жумладан Шарур туманидаги Қизилқоя тепалигини озод қилишди. Бунинг натижасида 1992 йилдан буён арман армиясининг назоратида бўлган Гуннут қишлоғи душмандан тозаланиб, ғаним ўқ етмас масофагача суриб ташланди. Бундан ташқари озарбайжон армияси Ереван – Горис – Лочин йўлини назорат қилиш имкониятини қўлга киритди. Натижада илгари босиб олинган 11 минг гектар ер душмандан озод қилинди.

Ишғол қилинган Озарбайжон Республикасининг Тоғли Қорабоғ маъмурий ҳудуди билан бирга унинг атрофидаги Фузулий, Жабраил, Зенгилан, Губадли, Лачин, Ағдам, Келбажар туманлари ҳудудида, айнан Арманистоннинг аралашуви билан «НКР Арцах» номли давлат ташкил қилинган бўлсада бугунги кунга қадар Арманистон Республикаси ўзининг Озарбайжон Республикасининг ички ишларига аралашувини, суверен мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини вайрон қилишдаги иштирокини инкор этиб, бу тан олинмаган «НКР Арцах»нинг иши, шу билан келишинглар, деган найрангларни ишлатиб, Тоғли Қорабоғ муаммоларини сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш бўйича деструктив позицияда туришни ҳеч қўймаётган эди.

Жанубий Кавказда давом этаётган арман-озарбайжон можароси оқибатида, Арманистон томонидан босиб олинган ҳудудда, афсуски ҳали ҳам қуролланган жангари гуруҳлар ҳукм суриб келаёттган маконга айлантирилганлиги кузатилаётган эди. Охир-пировардида Озарбайжон Ватан урушини эълон қилишга, Арманистон тарафи босиб олган ҳудудларини оккупациядан халос этишга қаратилган қатъий ҳарбий ҳаракатлар бошлашга мажбур бўлди.

Масаланинг қизиқ томони шундаки, бу сафарки урушда «Нагорно-Карабахская республика Арцах» тарафдан ҳамла қилинмади. Яъни, мажора бўлаётган ҳудуддан эмас, айнан Арманистон Республикасидан мажорага алоқаси йўқ, анча узоқда жойлашган Озарбайжон Республикасининг Барда, Тертер, Товуз, Ганжа, Мингачауир шаҳарлари ва атрофидаги қишлоқлар, ҳаттоки пойтахт Баку ҳам зенит-ракета қурулмаларидан бомбардимон қилиниб бошланди. Бунинг асл сабаби Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларни, бошда Россия Федерациясини мажорага тортиш эканлиги яққол кўриниб турибди.

Ўз она тупроғини қайтариб олиш мақсадида Ватан уруши эълон қилган Озарбайжон Республикаси, 2020 йили 27 сентябда бошланган 44 кунлик урушда зафар қозониб, ишғолдан озод қилинган қишлоқлар ва шаҳарларда Озарбайжон Республикасининг ғалаба байроғини қайта юксалтирди.

Вайронага айлантирилган озарбайжон халқининг тарихий обидалари, мол ва чўчқа боқиладиган оғилхонага айлантирилган тарихий қийматга эга Жомеъ масжидларлари қайта фатх қилиниб покизаланди, ифлосликлардан тозаланиб, Азон садолари остида Аллоҳга шукроналар ва ҳамду санолар қилинди. Озарбайжон халқи ўз тупроқларини қўлида қурол, кўнглида иймон билан қайтариб олишга мувоффақ бўлди.

Озарбойжон аскари арман босқинчиларидан озод қилинган масжидда шукр намозини ўқияпди.

Ҳозирги кунда, муқаддам қувғин қилинган қочқинларни ўз Ватанига жойлаштириш ишларини амалга ошириш жараёнини Озарбайжон Республикаси ҳукумати халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва талабларига кўра расмий шаклда бошлатиб юборди.

Тоғли Қорабоғ можароси билан боғлиқ сиёсий жараёнлар кўпчиликнинг диққат эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Кўпчилик Озарбайжон Республикаси ўз тупроқларини ишғолдан озод қилиш жараёнини қандай амалга ошираётгани ҳақидаги ҳаққоний маълумотни билишни истайди. Бу воқеага дунё ҳамжамиятининг диққати ортишига сабаб, ОАВ орқали бир-бирини инкор қилувчи турли хил таҳлиллар тарқатаётган сиёсий арбоблар бўлмоқда.

Таъкидлаш жойизки, қайсидир сиёсатчи томонидан Тоғли Қорабоғ можароси ҳақидаги баёнот эълон қилинганда, қанчалик даражада моҳирона усуллар қўлланиб мавзудан олиб қочишга интилишлар бўлмасин, истаганича усталик билан мавзудан ўтлаб кетишга ҳаракат қилинмасин, бари бир масаланинг ҳақиқий негизи ўзгармайди.

Хулоса

Дунё ҳамжамияти олдида ойданда аниқ кўриниб турган масала шулки, бундан 30 йил олдин Озарбайжоннинг тинч аҳолисини ҳайдаб ва қирғин қилиб, эгаллаб олинган ҳудудларда жойлашиб олган қуролланган жангарилар суверен давлатнинг ҳудудини ноқонуний йўл билан босиб олиб, ўзларига давлат ташкил қилишди. Қарийиб 30 йилдан бери бу давлатни ҳеч ким тан олмади.

(Давоми бор)

Саламов Шуҳрат БАРЛОС,
«EURASIA DIARY» ахборот агентлигининг Марказий Осиё бўйича махсус мухбири