Ғамхўрлик – ўзбекистонлик иммигрант бошлаган янги бизнес

“Мақсадим кўпчиликнинг манфаатига хизмат қилиб бойлик орттириш”, – дейди Америкадаги ватандошларининг Ўзбекистонда қолган яқинларига ғамхўрлик кўрсатиш истагини стартапга айлантирган бруклинлик Бахтиёр Орипов.

Шинам ресторан ва ошхоналарда мазали таомларни танаввул қилганида ҳам, катта супермаркетларда аравачани тўлдириб харид қилганида ҳам, Қўшма Штатларда яшайдиган аксарият ўзбекистонлик иммигрантларнинг ичларини бир кемтиклик тирнайди.

У ҳам бўлса олис ватанда қолган яқинларига ҳам ана шу тўкинликни раво кўриш билан боғлиқ. Қўшма Штатларда яшайдиган қатор ўзбекистонлик тадбиркор иммигрантлар бу муаммога Ўзбекистонда АҚШдаги каби маҳсулотларни етказиб бериш онлайн хизматини жонлаштириш орқали ечим топишмоқда. Нью-Йоркнинг Бруклин туманида яшайдиган Бахтиёр Орипов шулардан бири. У – Shoxona.com сайти асосчиси.

“Сайтнинг вазифаси шундаки, у ўзимизнинг давлатдан четда бўлган ватандошларимиз дунёнинг қайси бурчагида бўлишларидан қатъи назар, эндиликда Самарқанддаги ва Тошкентдаги яқинларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан, қолаверса, иссиқ таомлар, совға-саломлар билан бизларнинг сайтимиз орқали буюртма берган ҳолда хурсанд қилишлари мумкин”, – дея тушунтиради тадбиркор.

Бахтиёр асли самарқандлик, шунинг учун бу бизнесни очаётганда аввало ўзи туғилган шаҳарга диққатини қаратган. Сўнгра Тошкентга.

“Бу лойиҳанинг келиб чиқиши ҳозир эмас, 7 ой олдин бошланганди. Ўша пайт карантин эди. Самарқандда уйдан чиқишга рухсат йўқ эди. Бунақа пайтда онлайн хизматларга талаб кучайгани сабабли бошладик. Ҳозирги кунда одамлар, XXI аср, Америкада биласиз ҳамма нарсани эшигингиз олдигача олиб келишади. Камдан-кам бориб бозорлик қиламиз. 2-3 ҳафтада бир бориб бозорлик қиламиз. Қолган вақт нимани истасангиз телефонда буюртма берсангиз, 1-2 соатда олиб келиб беради. Яқин келажакда бизда ҳам шунақа бўлади. Замон шунақа. Талабдан келиб чиққан ҳолда бошладик”, – дейди у.

Четдан туриб Ўзбекистонда қолган яқинларига ғамхўрлик кўрсатишга асосланган бундай онлайн платформалар мижозлари нафақат Америкада топилишига ишонади бизнес маслаҳатчи Суҳроб Исмоилов:

– Дунё глобаллашиб боряпти ва Ўзбекистон ҳам бу жараёнлардан холимас. Саёҳат қилиш осонлашяпти, масофалар қисқаряпти. Шунинг учун одамзодга хос бўлган нарса, биз ўзимизга маъқул бўлган шарт-шароитларга, яхшироқ имкониятлар бор жойларга чиқишга ва муқимроқ яшашга ҳаракат қиламиз. Шундан келиб чиқиб кўплаб ўзбекистонликларимиз ҳам йиллар ўтган сайин Ўзбекистондан четга чиқиб бошқа мамлакатларда, хусусан, АҚШда, Европа давлатларида, Жанубий Осиё давлатларида, қолаверса ўзимизга яқин бўлган Россия ва Қозоғистон каби жойларда меҳнат муҳожири сифатида муқим яшашга одатланишяпти.

Россияда шу кеча-кундузда расмий статистикага кўра, қарийб 2 миллионга яқин ўзбекистонлик доимий равишда яшайди. Анчагина ўзбекистонликлар Қозоғистонда яшашади, дея урғу беради Исмоилов.

“Ўзбекистонликлар ғарбий ва шарқий Осиё мамлакатларида, Европа мамлакатларида ҳам талайгина. АҚШнинг ўзига қарайдиган бўлсак, масалан расмий статистиканинг ўзи ўзбекистонликлар сонини 60-70 минг деб кўрсатади. Лекин, фақат грин карта билан АҚШга келаётганларнинг сони ҳар йили 4-5 мингни ташкил этади. Оилавий келишади кўпчилик. Бундан ташқари, вақтинчалик визалар билан келиб виза муддати ўтгандан кейин ҳам қолиб кетиб ўзларининг ҳуқуқий мақомларини доимийга ўтказишга ҳаракат қилаётган яна 10 минглаб ватандошларимиз бу мамлакатда бор. Шунинг учун мен ўйлайман ўзбекистонликлар сонини АҚШнинг ўзида ҳам бемалол 200-250 минг атрофида деб олсак хато бўлмайди”.

Шунинг учун, дейди Исмоилов, янги платформаларнинг истиқболи порлоқ. Чунки четда юриб меҳнат қилаётган ҳар бир ўзбекистонликнинг ватанда яқинлари ва оилалари бор ва у уларнинг оғирини енгил қилишни истайди.

10 йилдирки Қўшма Штатларда яшаётган ўзбекистонлик Амира ватандоши ушбу бизнесни очганидан мамнун:

– Хизматга жуда ҳам катта эҳтиёжим бор эди. Чунки ота-онамга бозорлик қилиб етказиб беришга доим одам қидирардим. Бирор кимга айтардим. Лекин мана шу сайтни топганимдан бери ҳар ой бир марта, 1,5 ойда икки марта ундан фойдаланаман, – дейди муҳожир.

“Сайтимиз очилганига 6-7 ой бўлган бўлса, охирги 4-5 ой Худога шукр анча мижозлар орттиришга муваффақ бўлдик. Асосан ўзларининг ота-оналарига, ўзлари четда бўлган ҳолда фарзандлари ватанда қолган ватандошларимиз, мусофир юртдошларимиз бизларни сайтимиздан фойдаланади”, – дейди Орипов.

Онлайн хизматнинг буюртмачилари орасида ҳозир аёллар кўп.

“Асосан аёллар. 60 га 40 фоизга десак тўғри бўлади. Билмадим, лекин аёллар кўп буюртма беради. Лекин, аёлларда қаттиқлик бор. Аёллар 10 сўмлик нарса буюртма қилса, эркак кишини буюртмасига кўз ташласангиз 20-30 сўмлик нарса буюртирган бўлиб чиқади. Лекин, аёл мижозларимиз кўп. Аёллар кўпроқ буюртма беришади”, – дейди Орипов.

Мижозлари орасида пандемия сабаб Ўзбекистонга борди-келди яна узоқ вақт мураккаб бўлиб туришини англаган, яқинларини гавжум жойлардан сақлаб туришни истаган ватандошлари кўплигини айтади тадбиркор. Алоҳида эътиборини тортган мижозлари эса айрилиқда юрган, аммо ота-она дуосини олишни унутмаётганлари экан.

“Шунақа бир мижозим бор, мен у инсонга ҳавас қиламан. Энг асосийси, ҳар куни отасига, онасига жўнатади. Исмини айтмайман, шунақа одам бор. “Ака, улар ғанимат, дуосини олай, дейди”.

Ҳар куни иссиқ нон ва қаймоқ… Эрталаб ёки тушликка иккита нон ва иссиқ таомларни йўллайди. Арзимаган пул бўлади бу ерда, 5-10 доллар. Лекин, у кўрсатаётган меҳр, биласизми қанча дуо келтиряпти. Ёки битта мижозим бор онасига ҳар икки кунда уч дона атиргул юборади. Кўрсангиз ҳавас қиласиз. Бундай одамларга фақат ҳавас қиласиз. Четда бўлса ҳам ўзининг йўқлигини, онасини соғинчини шу совғалар билан, арзимаган пул бўлади, 5-10 доллар бўлади. Бу ерда 5-10 доллар ҳеч қанча пул эмас, биласиз, лекин, ғамхўрлик, меҳр, оқибат шу орқали ташкил қиляпти. Шунақа одамларга мен ҳавас қиламан. Чунки, мен 1,5 ой Самарқанда бўлиб келдим, ўртача 150 хонадонга «доставка» қилдим. 150 хонадонга етказиб бердим, ишонинг оналар фалончи ўғлингиз ёки қизингиз юборди мана шу озиқ-овқатларни ёки совғаларни десак кўзларига қувонч ёши билан фарзандларини дуо қилдилар. Шунақа ота-онасига, фарзандларига меҳрибон мижозларимиз кўпайсин бизлар уларнинг қувончига сабабчи бўлиб савобда қолайлик”, – дейди Бахтиёр Орипов.

Бошлаган янги бизнеси орқали ҳали катта фойда олмаган бўлсада, Бахтиёр истиқболдан умидвор. У Америкада орттирган тажрибаси асосида ҳаракат қилмоқда, яъни кўпчилик манфаатига хизмат қилиш орқали фойда кўришни кўзлаган.

Манба: Америка овози