Исроил ва Фаластин бўйича Байденнинг сиёсати “икки давлат” ғоясини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлади

АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги муваққат вакили, Байденнинг сиёсати Исроил ва Фаластин бўйича тинчлик ва хавфсизлик шароитида яшайдиган икки давлат ғоясини қўллаб-қувватлашга қаратилганлигини айтди.

Reuters агентлиги АҚШнинг БМТдаги муваққат вакили Ричард Миллснинг Хавфсизлик Кенгашида сешанба куни Байденнинг фаластинликларга ёрдамни тиклаш ва Трамп маъмурияти томонидан ёпилган дипломатик ваколатхоналарни қайта очиш чораларини кўришни ният қилгани ҳақидаги сўзларини келтирган.  

Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон Исроил ва Фаластинни “икки давлат” ғоясини амалга оширишни қийинлаштирадиган бир томонлама қадамлардан қочишга чорлайди.

Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар бошқа мамлакатларни Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга ундашда давом этади, аммо Исроил-Фаластин тинчлигига бошқа муқобил йўқлигини тан олади.

Шуниси эътиборга лойиқки, Байден ўзининг сайловолди кампаниясида Исроилнинг Фаластинга тегишли янги ерларини қўшиб олишига қарши эканлигини билдирган.