Гонконг дунёдаги энг узоқ карантинни жорий қилади

Франция матбуот агентлигининг хабар беришича, Гонконг маъмурлари коронавирусининг мутацияга учраган турлари пайдо бўлгандан кейин у ерга келганлар учун меҳмонхоналар карантини муддатини уч ҳафтагача узайтирган. Бу дунёдаги энг узоқ карантин ҳисобланади.

Агентликнинг таъкидлашича, тахминан бир йил олдин Гонконгга кирадиганларнинг барчаси коронавирус тестидан ўтган ва мажбурий карантин остида бўлган.

Дастлаб уйда электрон кузатув остида карантин олишга рухсат берилганди, аммо касаллик ўчоқлари пайдо бўлиши билан меҳмонхоналарда карантинда сақлаш мажбурий бўлиб қолди.