Канада парламенти саудиялик блоггер Роиф Бадавийга фуқаролик бериш ҳақида меморандум қабул қилди

Канада парламенти чоршанба куни ҳукумат томонидан 2012 йилдан бери Саудия қироллигида ҳибсга олинган ва рафиқаси ва уч фарзанди Канадада яшовчи саудиялик блоггер Роиф Бадавийга Канада фуқаролигини беришни талаб қиладиган меморандумни бир овоздан маъқуллади.

Жамоатчилик палатаси томонидан маъқулланган меморандумда иммиграция вазири Марко Мендесино оғриқли ишни ҳал қилиш учун Роиф Бадавийга қонунга мувофиқ Канада фуқаролигини беришда ўз ваколатидан фойдаланишга чақирилган.

Саудия Арабистони Либерал тармоғининг асосчиларидан бири бўлган 36 ёшли Бадавий 2012 йилдан бери ўз блогида қолдирган изоҳлари учун қамоқда сақланмоқда.

2014 йил ноябрь ойида у Исломни ҳақорат қилганликда айбланиб, ўн йилга озодликдан маҳрум қилинган ва 20 ҳафта давомида минг дарра урилишига ҳукм қилинган.

Оттава ва Ар-Риёд ўртасидаги муносабатлар 2018 йил ёзида Канада ҳукумати Саудия ҳукуматини Саудия ҳуқуқ ҳимоячиларини, шу жумладан, Роиф Бадавийнинг синглиси Самар Бадавийни озод қилишга чақиргандан кейин ёмонлашди.

Роиф Бадавийнинг рафиқаси ва у билан бирга Квебекда яшовчи учта фарзанди Канада фуқаролигини олган.