Собиқ КГБ жосуси: Россия 40 йил давомида Трампни тайёрлаган

КГБ 40 йил давомида Доналд Трампни кейинчалик фойдаланиш учун тайёрлаб келди ва у АҚШда Россиянинг пропагандасини олиб боришда ўзини оқлади, – деди КГБнинг собиқ ходими The Guardian нашрига берган интервьюсида.

Журналист Крейг Унгер ўзининг Трамп ва Россия ўртасидаги ўнлаб йиллик муносабатлар батафсил баён этилган “Америкача Компромат” номли китобига Юрий Швец берган маълумотларни асосий манба қилиб олган.

Россия ва АҚШнинг собиқ тезкор ходимларининг интервьюларига асосланган китобда КГБнинг 1980-йилларда АҚШдаги ўнлаб танилмаган ишбилармонларни Россиянинг агентлари сифатида етиштиришга уринишлари батафсил баён этилган.

Швецнинг The Guardianга айтишича, КГБ 1980-йилларда ўша пайтда янги ишлаб чиқарувчи бўлган Трампни потенциал агент сифатида танлаган.

“Бунга мазкур одамларнинг оддийгина талабалик даврида ёллангани, сўнгра улар муҳим лавозимларга кўтарилгани мисолдир. Худди шундай ҳолат Трамп билан ҳам содир бўлган”, деб айтган Швец газетага.

Китоб муаллифининг таъкидлашича, Трамп 1977 йилда биринчи рафиқаси чехиялик модел Ивана Зелниковага уйланганида руслар учун нишонга айланган.

Унгер: “Трамп кўп жиҳатдан мукаммал нишон эди: унинг шуҳратпарастлиги, ўзига бино қўйганлиги уни ёллаш учун табиий нишонга айлантирди. У 40 йил давомида, президент этиб сайлангунича етиштирилди”, деб қўшимча қилади.

Трамп эса, Россия билан алоқалари борлигини рад этиб келади.