Жанубий Кореянинг технологик гигантининг раҳбари қамоқхонада туриб ходимларидан узр сўради

Самсунг компаниясининг амалдаги бошлиғи Ли Жи Ёнг сешанба куни қамоқдан туриб ўз ходимларидан кечирим сўради ва у йўқлигига қарамай ишларини давом эттиришларини илтимос қилди.

Ли Жи Ёнг компания ходимларини бирдам бўлишга ва янги Самсунгни барпо этиш йўлида ишлашга чақирди.

У: “Самсунг менинг аҳволимдан қатъий назар, олға бориши ва биз одамларга берган ваъдамизни бажаришимиз керак”, деб таъкидлаган.

18 январ куни Жанубий Кореянинг пойтахти Сеул Олий суди Самсунгнинг амалдаги президентини Кореянинг собиқ президенти Пак Кин Хе билан боғлиқ коррупция иши бўйича қайта суд мажлиси доирасида икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилди.

Таъкидлаш жоизки, Ли Жи Ёнг агар афв этилмаса ёки жазоси енгиллаштирилмаса, 2022 йил июлда озод қилинади.